ОИЛА КИЧИК ВАТАН ДЕМАКДИР

2019 йилнинг 9 август куни Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари академиясида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 4 августдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларининг маънавий-маърифий савиясини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори доирасида қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари тизимида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш концепциясини амалга ошириш бўйича Республика идоралараро комиссиясининг бир йиллик  ҳисоботи таҳлили бўлиб ўтди.

Мазкур тадбирда Олий Мажлис палатаси депутатлари, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Республика маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси, “Маҳалла”, “Нуроний” жамғармалари, Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси, Ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши вакиллари, вилоят ҳокимларининг ўринбосарлари иштирок этди.

Сўзга чиққанлар Республика идоралараро комиссиясининг ютуқ ва камчиликлари, узоқ ва яқин истиқболда бажарилиши лозим бўлган вазифалар, уларни амалга ошириш механизмлари ҳақида атрофлича фикр юритди.

Мудофаа вазирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари, генерал-майор А. Икрамовнинг ўтган бир йил мобайнида ҳарбий хизматга бўлган муносабат тубдан ўзгарганлиги, қўшинларда ҳарбий психолог ва етакчи социологлар институти армияда илк бор ташкил этилганлиги ҳақидаги маълумоти йиғилганларда катта қизиқиш уйғотди.

Шунингдек, Мудофаа вазирлигининг ишчи гуруҳи жорий йилнинг 15 июлидан 31 июлига қадар вилоят ҳокимларининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари раҳбарлигида ҳудудий идоралар комиссиялари фаолиятини ўрганишдан олинган натижалар ҳақида маълумот берилди.

– Ўтган йили Ўзбекистон тарихида илк бор Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш концепцияси қабул қилинди, – деди мажлис иштирокчиси – “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази директори, сенатор Дилорам Ташмуҳамедова. – Дарҳақиқат, бугунги кунда қанча инвестициялар киритилмасин, мамлакат иқтисодиёти ривожланмасин, оила тинч ва барқарор бўлмаса тараққиёт бўлмайди, фарзандларимиз тўғри тарбия олмаса, Президентимиз олдимизга қўйган мақсадларга эришиш қийин кечади, – дея таъкидлади у. Шу нуқтаи назардан  мазкур соҳада “Оила”маркази ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан турли йўналишларда кўп ишлар амалга оширилмоқда. Фаолиятимиз бошида Мудофаа вазирлигида бўлиб ўтган учрашувда биз йигитларимизни ҳам тадқиқотларга жалб қилиш кераклигини айтиб, мутахассисларни ҳамкорликка чорлагандик. Ҳозирда оила институтини мустаҳкамлаш борасида биргаликда турли тадқиқотлар ўтказишга муяссар бўлдик. Тадқиқотларимизнинг диққат маркази йигитларнинг дунёқараши, оилавий ҳаётга тайёрлиги, уй-рўзғор ишлари бўйича кўникмалари бор ёки йўқлиги каби масалаларга қаратилди. Саъй-ҳаракатларнинг амалий натижаси – “Бўлғуси келин-куёвлар инновацион мактаби”нинг очилиши бўлди. Ҳозирги кунга қадар шундай мактаблар сони 96 тага етди. Ҳарбий қисмларда ҳам бу каби мактабларни ташкил қилишни бошладик. Биринчи мактаб Самарқандда очилди. Хулоса қилиб айтмоқчиманки, оила – бу кичик ватан. Қачонки мана шу муқаддас даргоҳда тинчлик, хотиржамлик, фаровонлик бўлса, шунда юртимизда ҳам барқарорлик, тараққиёт ва фаровонлик бўлади.

Мажлис якунида Республика идоралараро комиссияси аъзоларига Мудофаа вазирлигининг “Ёш авлодни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашдаги иштироки учун” кўкрак нишони топширилди.

Эслатиб ўтамиз, “Оила” маркази оила институтини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, жамиятда замонавий намунали оила мезонларини жорий этиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотларни ташкил этиш ва ўтказиш соҳасида республиканинг етакчи илмий-тадқиқот эксперт муассасаси ҳисобланади.

 

“Оила” маркази матбуот хизмати