МУСТАҲКАМ ОИЛА – ЖАМИЯТ ТАЯНЧИ

Оила – инсон камолотининг бош бўғини, давлат тизимининг  институти, жамият ўзагидир.

Зеро, оилада ота ибрати, она меҳри, боболар ўгитлари орқали миллий қадриятларимизга бўлган чексиз ҳурмат авлоддан авлодга ўтади ва бешак, фарзандларимиз онг-шуурида муҳрланиб боради.

Маълумки, тараққиётнинг жадаллашуви нафақат иқтисодий ҳаётга, балки инсон онги, дунёқарашига ҳам таъсир кўрсатмай қолмаяпти. Шунинг учун ҳам оилаларда  вужудга келаётган муаммолар ҳам турлича бўлса керак. Республика ҳудудларида аҳил ва мустаҳкам оила моделини тарғиб этиш, оила маданиятини юксалтириш, оилавий низоларнинг олдини олиш, жумладан жойларда, хусусан, маҳаллаларда олиб борилаётган маърифий-тарбиявий ишлар самарадорлигини ошириш масалалалари давлат ва жамоат ташкилотларининг вазифаси бўлиб қолмай, ҳар бир фуқаронинг ҳам бурчи, деб ҳисоблаймиз.

Оила институтини мустаҳкамлаш борасида давлат томонидан олиб борилаётган сиёсатни ҳаётга тадбиқ этиш борасида “Оила” илмий-амалий тадқиқот Марказининг Бухоро вилоят бошқармаси томонидан бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Бухоро вилоятида “Оила” маркази мутахассислари, ҳамкор ташкилотлар ва фаол фуқаролар билан биргаликда 102 та оиланинг муносабатларини  тиклашга ёрдам берилди.

“Оила” маркази вилоят бошқармасининг мутахассис-психологлари ва туман (шаҳар) бўлимлари мутахассилари томонидан оилаларга психологик ёрдам кўрсатиш, оиладаги муҳитни мўътадиллаштириш борасида ҳар бир оила билан бевосита мулоқот қилиб келмоқда.

Бошқарма Бухоро Давлат университетининг психология кафедраси  билан ҳамкорликда оила институтини мустаҳкамлаш, фарзандлар тарбияси, миллий қадриятларни асраб-авайлаш борасида малакавий амалиётни йўлга қўйган. Психология факультети амалиётчилари маҳаллалардаги муаммоли оилаларни ўрганишга жалб қилинди. “Оила” маркази вилоят бошқармасининг “Телеграмм” ижтимоий тармоғида “Оила ва Ҳаёт” канали ташкил этилган бўлиб, унинг 658 та аъзоларига психологик мазмундаги фикр-мулоҳазалар, оила психологиясига оид қизиқарли маълумотлар бериб борилмоқда.

Вилоятда жами 13 та “Бўлғуси келин куёвлар” инновацион мактаблари ташкил қилинган бўлиб, бу мактабларда шу бугунга қадар  831 та  жуфтлик ўқитилди.  Олинган сўровномаларда жуфликлар дарслардан олган билимларидан мамнун эканликлари, бундай ўқувларни кўпроқ ташкил этиш таклифларини билдирганлар.  

Марказ  томонидан нодавлат ва нотижорат ташкилотлар билан ҳамкорликда олиб борилган тадбирлар натижасида “одам савдоси”дан азият чеккан 22 нафар фуқароларга ижтимоий ва моддий ёрдам кўрсатилди.

Оила тинч бўлса, жамият албатта тинч бўлади. Бинобарин, одамзотнинг илк камолот бешиги оилада маънавий муҳитнинг соғлом бўлишига ва пировардида миллат келажагига дахлдор масала эканлигини унутмайлик.

Эслатиб ўтамиз, “Оила” маркази оила институтини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, жамиятда замонавий намунали оила мезонларини жорий этиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотларни ташкил этиш ва ўтказиш соҳасида республиканинг етакчи илмий-тадқиқот эксперт муассасаси ҳисобланади.

Абира Ҳусейнова,
“Оила” илмий-амалий тадқиқот Марказининг
Бухоро вилоят бошқармаси бошлиғи