ЁШЛАРДА ИНТЕРНЕТДАН ФОЙДАЛАНИШ МАДАНИЯТИНИ ШАКЛЛАНТИРИШ: МУАММО ВА ЕЧИМЛАР

 Ўсиб келаётган ёш авлод онгида маънавий-ахлоқий қадриятларни шакллантириш, оиланинг тарбиявий ва маданий-илмий салоҳиятини ошириш масалалари давлатимиз ижтимоий сиёсатининг таркибий қисми ҳисобланади.

Ўзбекистон Президенти Ш.Мирзиёевнинг ёшлар маънавиятини юксалтириш ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича илгари сурган бешта ташаббуслари, жумладан аҳоли ва ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишни ташкил этиш борасида қўйилган вазифалар ижроси ушбу соҳада ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланиш бўйича амалий ва амалий ва инновацион тадқиқотларни ривожлантиришни талаб этади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот Маркази оила институтини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, жамиятда замонавий намунали оила мезонларини жорий этиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотларни ташкил этиш ва ўтказиш соҳасида республиканинг етакчи илмий-тадқиқот эксперт муассасаси ҳисобланади.

Ҳозирда Марказ тегишли давлат ва нодавлат ташкилотлар билан яқин ҳамкорликда соҳага оид бир қатор амалий тадқиқотларни амалга оширди. Жумладан, яқинда Марказ томонидан “Болаларни уларнинг соғлиғи ва ахлоқига зарар етказувчи маълумотлардан ҳимоя қилишда ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш масалалари” мавзуида илмий-амалий тадқиқот ўтказилиб, ўсмир ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишни ташкил этишга қаратилган қўйидаги йўналишлар бўйича амалий чоралар белгиланди:

– болаларни уларнинг соғлиғи ва ахлоқига зарар етказувчи маълумотлардан ҳимоя қилишда ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш учун самарали ташкилий-ҳуқуқий мехнизмларини яратиш;

– болалар онгига ғайриқонуний ахборот-руҳий таъсир кўрсатилиши, уларни ғайриижтимоий ҳаракатларга ундовчи ахборотлардан ҳимоя қилишга қаратилган  дастурий-аппарат ва техника воситаларини қўллашни жорий этиш;

– болаларда Интернет ва мобил алоқа воситаларидан хавфсиз фойдаланиш маданиятини шакллантириш, ахборот-телекоммуникация технологиялари ёрдамида болаларнинг интернет ва интернет-ўйинларига тобе бўлиб қолиши ва флешбомларда иштирок этиш ва бошқа ноқонуний хатти-ҳаракатлар содир этишларининг олдини олиш, ижтимоий тармоқларида тарқатилаётган зарарли ахборотлардан огоҳ этиш;

– болаларни уларнинг соғлиғи ва ахлоқига зарар етказувчи маълумотлардан ҳимоя қилишда жамоат ташкилотлари ва фуқаролар иштирокини таъминлаш  ва оммавий тарғибот ишларини амалга ошириш кабилар.

Эндиликда “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази ҳамда “Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш” институтининг “Ёшлар-келажагимиз” давлат дастури ижросини самарали ташкил этиш юзасидан биргаликда ўтказиладиган илмий тадқиқотлар дастури асосида Ёшларнинг ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш даражаси ва уларда ахборот истеъмоли маданиятини шакллантириш муаммолари” мавзуида комплекс социологик тадқиқот ўтказмоқда.

Тадқиқотнинг бош мақсади – “Ёшларнинг ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш даражаси ва уларда ахборот истеъмоли маданиятини шакллантириш масаласини ўрганиш орқали муаммоларни аниқлаш ҳамда муаммолар ечимига бағишланган аниқ таклифлар ишлаб чиқишдан иборат.

Тадқиқот жараёнида мавзуга оид хорижий ва маҳаллий тажрибани ўрганиш, назарий маълумотларни тўплаш, Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида ижтимоий сўровлар ўтказиш ва тадқиқот натижалари бўйича тегишли тавсиялар тайёрлаш ҳамда ёшлар билан иш олиб борувчи мутахассислар учун “Ахборотлашган жамиятда ёшларни ахборот истеъмол маданиятини ошириш” номли қўлланма тайёрлаш ва унинг электрон китоб вариантини яратиш режалаштирилган.

 

“Оила” маркази матбуот хизмати