ГЕНДЕР ТЕНГЛИК: АФСОНА ЁКИ ҲАҚИҚАТ

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази кейинги вақтларда оила институтини мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга қаратилган қўшма амалий ва инновацион тадқиқотларни ўтказиш соҳасида халқаро ҳамкорликни тобора кенгайтириб бормоқда.

Жорий йилнинг 5 июль куни АҚШнинг Хофстр университети профессори Элёр Каримов юртимизга таклиф этилиб, Ёшлар пресс-клубида унинг тренерлигида “Гендер тенглик: афсона ёки ҳақиқат” мавзусида Ўзбекистонда оила сиёсати масалалари билан шуғулланувчи қатор ташкилот ва муассасаларнинг мутахассислари илмий-амалий машғулотга старт берилди.

Профессор Элёр Каримов Тошкент давлат университетининг битирувчиси бўлиб, тарихчи ва шарқшунос, ўрта аср, ислом, тасаввуф ва дипломатика тарихи соҳасида қатор илмий ишлар муаллифи ҳамда ЮНЕСКОнинг Марказий Осиё тамаддуни тарихига бағишланган 6 жилдли ноёб сериясининг ҳаммуаллифи ҳисобланади. Шунингдек, Архив фондлари ва кутубхона коллекцияларининг қимматли ва нодир объектларини асрашга қаратилган Дунё хотираси Бутужаҳон ҳужжатли меросни муҳофаза қилиш ва уларни кенгайтириш бўйича ЮНЕСКО дастури қўмитасининг аъзоси ҳамдир.


Элёр Каримов АҚШ тадқиқот марказлари дастурларининг кўпгина изланишларида ҳам иштирок этган. 1995 йилдан Марказий Осиё Франция тадқиқотлар институтининг уюшган тадқиқотчиси. Жумладан, у Парижда Ижтимоий фанлар олий мактабида ҳам тадқиқотлар ўтказган.


Машғулотларда “Гендер тенглик – бу афсонами ёки ҳақиқат” мавзусининг танланиши бежиз эмас. Бугун бу саволнинг жавоби жаҳон ҳамжамиятининг диққат марказидаги масалага айланган. Таъкидлаш жоиз, ҳозирги даврда дунёнинг барча давлатлари ҳам аёллар ва эркаклар ўртасидаги тенгликни зарур даражада таъминлай олмаяпти ва бунда кўп омиллар, хусусан менталитет билан боғлиқ муаммолар мавжуд. Айниқса, анъанавий оилага асосланган турмуш тарзи билан яшайдиган давлатларда гендер тенглик остида асрлар давомида сақланиб қолган анъаналарнинг бузилиши ҳолатлари кўзга ташланмоқда.


Ҳақиқатан ҳам шундайми? Гендер тенгликни таъминлаш борасида дунёдаги умумий аҳвол қандай? Мавжуд вазиятни яхшилаш учун нималарга эътибор қаратиш лозим? Амалий машғулотлар давомида ана шу каби бир қатор саволларга Хофстр университети профессори томонидан жавоблар изланади.


Ўз навбатида, Президентимиз ўзининг Олий Мажлис Сенатининг йигирманчи ялпи мажлисидаги нутқида Сенатда янги тузилма – Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари бўйича қўмита тузиш таклифини бергани юртимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини янада ошириш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, ижтимоий-сиёсий ҳаётда тўлақонли иштирок этишига эришиш, гендер тенглик ва репродуктив саломатликни таъминлаш масалаларида кенг имкониятларни яратиши табиий.
Етакчи шарқшунос ва тарихчи Элёр Каримов бу борада халқаро амалиёт ҳақида иштирокчиларга батафсил маълумотни тақдим қилди ва уларни қизиқтирган саволларга жавоб берди.