ХАЛҚАРО ИЛМИЙ ЖУРНАЛ ТАҚДИМОТИ БЎЛИБ ЎТАДИ

2019 йил 16 сентябрь куни Тошкент шаҳридаги “International Hotel Tashkent” меҳмонхонасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази муассислигида чоп этилаётган “Марказий Осиёда жамият, гендер ва оила” номли янги халқаро журналнинг тақдимоти бўлиб ўтади (Пресс-релиз).

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июндаги Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПҚ-3808-сон қарорида оила институтини мустаҳкамлаш билан боғлиқ материалларни чоп этиш бўйича илмий журнални таъсис этиш, хорижий тадқиқот муассасалари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, оилани мустаҳкамлаш бўйича амалга оширилган тадқиқотлар натижаларини республика ва хорижда кенг жамоатчилик эътиборига етказиш тизимини такомиллаштириш вазифаси юклатилган.

Журналнинг асосий мақсади –  фундаментал, амалий ва инновацион илмий тадқиқотлар натижаларини таҳлилий мақолалар, библиографик ва илмий шарҳлар ҳамда хабарлар, тақризлар, ҳужжатлар, тарихий маълумотномалар ҳамда гендер масалалари ва оила институти соҳасидаги бошқа илмий материаллар кўринишида чоп этишдан иборат.

Мазкур нуфузли илмий нашрнинг бош муҳаррири – “Оила” маркази директори, тиббиёт фанлари номзоди, Олий Мажлис сенатори Д.Г.Ташмуҳамедова. Журнал босма ва электрон (http://sgfjournal.uz) шаклда рус ва инглиз тилида 2019 йилда бир йилда икки марта, 2020 йилдан эса, ҳар чоракда нашр этилади. Мазкур илмий нашр халқаро маълумотлар базаларига (SCOPUS, Web of Sciences, EBSCO, Россия илмий иқтибослаш индекси) киритиш учун зарур бўлган ISSN серия рақами халқаро стандарти ва DOI объектнинг рақамли идентификаторига эга. Ундаги барча адабиётлар кирилл ва лотин алифбосида келтириган бўлиши билан бир қаторда, мақолалар инглиз тилидаги аннотацияга ҳам эга.

Илмий журналнинг таҳририят кенгаши ва таҳририят хайъати аъзолари мамлакатимизнинг етук сиёсатчилари, парламентарийлари, халқаро миқёсда танилган олимлар ҳамда Германия, Буюк Британия, Қозоғистон, Канада, Қирғизистон, Россия, АҚШ, Тожикистон, Франция, Япония мамлакатларининг кўзга кўринган тадқиқотчи-олимлари, фан арбобларидан иборат. Журнал Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси (ОАК) рўйхатига киритилган.

 

“Оила” маркази матбуот хизмати