Ҳар бир оила бахтли бўлишга ҳақли

Ҳозирда республикамиз бўйича 74 та “Бўлғуси келин-куёвлар инновацион мактаби” фаолият юритмоқда. Бугунгача 5 минг 700 нафар келин-куёвлар, 2864 та оила қуриш остонасида турган жуфтликлар ушбу мактабда тренинглар ўташди.

Тошкент шаҳридаги Ёшлар марказида бўлиб ўтган анжуманда “Бўлғуси келин-куёвлар инновацион мактаби”да таҳсил олган жуфтликлар, ФҲДЁ идораларига никоҳдан ўтиш учун ариза берган ёшлар, мактаб тренерлари, “Оила”маркази ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи раҳбар ходимлари иштирок этди.

Анжуманда ушбу мактабнинг битирувчилари уларнинг ҳаётида бу машғулотнинг тутган ўрни ва оилавий муносабатларда асқотаётгани хусусида гапириб ўтишди. Шунингдек, ёшлар инновацион мактабларини ҳар бир туманда иш бошлаши лозимлиги хусусида таклифлар билдиришди.

Битирувчиларнинг билим ва тажрибасини синаш мақсадида викторина тарзида савол-жавоблар ўтказилди. Ушбу синовда қатнашган ёш оила қурувчилар “Рўзғор ғорми?”, “Оилада эркак ва аёлга қўйиладиган талаблар қандай?”, каби саволларга жавоб беришди. Саволларга ўринли жавоб берган ёшларга “Оила” маркази томонидан совғалар топширилди.

Психолог Бобоёр Тўраев томонидан тақдим этилган оилани мустаҳкамлашга доир турли кўринишдаги роликлар барчада қизиқиш ўйғотди.

– Ҳар бир инсон бахтли бўлишга ҳақли, аммо ҳеч бир инсон ёлғиз ўзи бахтли бўла олмайди, – дейди Бобоёр Тўраев. – Халқимиз азалдан оилавий муносабатларни соч толасидек нозик деб бежиз баҳолашмаган. Шундай экан, турмуш қуриш ниятида юрган ёшлар оиласи мустаҳкам бўлиши учун энг аввало, улар ўртасида ўзаро ишонч, ҳурмат, севги муҳим.

Шунингдек, тадбирда сўзга чиққан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази директор ўринбосари Дилбар Алимжонова келгусида оилалардаги келишмовчиликлар, ажрашишларнинг олдини олишда “Бўлғуси келин-куёвлар инновацион  мактаби”нинг аҳамияти хусусида гапириб ўтди.

  • Бугунги куёвтўралар эртага оила деган аравани тортадиган, ота деган номга муносиб бўлиши учун мана шундай мактабларнинг сабоғи жуда муҳим, – дейди Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Раъно Ярашева. – Маслаҳатим, бўлғуси куёвлар, пулга хасислик қилсангиз ҳам, асло аёлингиздан ширин сўзингизни қизғонманг. Онангиз ва аёлингиз ўртасида кўприк бўлинг. Шунда ҳар иккисининг суянган тоғига айланасиз.

15-май – “Халқаро оила куни”га бағишлаб ўтказилган анжуман куй-қўшиқларга бой бўлди.