ГЕРМАНИЯ: барқарор ривожланишда катталар таълимининг аҳамияти

7-8 май кунлари Германиянинг Веймар шаҳрида “Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда катталар таълими” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди. Унда Германия Халқ Университетлари Ассоциацияси (DVV International) Халқаро ҳамкорлик институти таклифига биноан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази раҳбари Дилором Ташмуҳамедова иштирок этди.

Анжуман Германия Халқ Университетлари Ассоциацияси (DVV International) Халқаро ҳамкорлик институти томонидан катталар таълимини ривожлантириш бўйича  амалга ошириб келинаётган конференциялар сирасига киради.

Тадбирда дунёнинг 40 та мамлакатидан 200 нафардан ортиқ делегатлар ва қатор халқаро ташкилотлар иштирок этди. Унда жаҳоннинг барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда катталар таълими ролини ошириш масалалари муҳокама этилди.

Анжуман мавзуси ҳар йили Нью-Йоркда ўтказиладиган БМТнинг олий даражада сиёсий форуми (HLPF) контекстига ҳамоҳанг келади.  2019 йилда “Инсонларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш ва тенгликни таъминлаш” шиори остида кўплаб муаммолар юқори малакали мутахассислар ва халқаро ташкилотлар даврасида муҳокама қилинди.