ОИЛАВИЙ БАЙРАМ ШУКУҲИ

Гулистон шаҳрида 15 май — Халқаро оила куни ўзгача шукуҳда қарши олиняпти. "Оила" илмий-амалий тадқиқот марказининг Гулистон шаҳар бўлими ушбу байрамни юртимизнинг ҳар бир оиласини байрамона кайфиятда қаршилашга чорламоқда.

Шу мақсадда шаҳардаги барча ташкилот бинолари, транспорт воситалари, китоб дўконлари, фуқаролар жам бўлган жойларга махсус байрам стикерларини тарқатиш акцияси бўлиб ўтяпти.

Маълумки, ушбу сана жаҳонда оила куни сифатида нишонланиб келинган. Мамлакатимизда эса илк марта жорий йилда “Оила” маркази томонидан ушбу санани кенг нишонлашга тарғиб қилинмоқда. Зеро, оила ҳар бир инсон ҳаётида энг катта аҳамиятга эга бўлган қадриятдир. Уни қадрлаш, асраш, чинакам оила саодатини ҳис қилишга ундовчи байрамни ҳар биримиз муносиб тарзда ўтказайлик.