ТАДБИРКОР ХОНАДОНИДА СЕМИНАР

Наманганлик тадбиркор Олимжон Абдураимовнинг оиласи ўзаро тотувлиги, ишбилармонлиги билан шаҳарда намунали оила саналади. Абдураимовлар нон ва нон маҳсулотлари цехини очиб, 7 нафар кишини иш билан таъминлаб келишяпти.

Оиланинг келини Нозима Шарифбоева яқинларидан руҳланиб, тикув цехи ҳам очмоқчи, ҳозирча у 8 нафар маҳалладош аёлни иш билан таъминлашни ният қилган. Тадбиркор оила булар билан чекланиб қолмай, ҳовлисида иссиқхона ташкил этиб, гулчилик билан ҳам шуғулланиб келади. Меҳнат ва тиришқоқлик билан барча яхши нарсаларга етишиш бу хонадоннинг умумий шиорига айланган.

“Оила” марказининг Наманган шаҳар бўлими ҳамкор ташкилотлар билан “Менинг бахтим, оиламнинг бахти” мавзусидаги семинарни мана шу ишбилармон оила хонадонида ўтказишни маъқул деб топди. Олимжон Абдураимов ва унинг оилавий тадбиркорлик иши, бу орқали эришган натижалари семинар иштирокчиларига маҳорат мактаби сифатида тақдим этилди.

Семинарда шаҳардаги бошқа тадбиркор оила вакиллари ва тадбиркорликни энди бошлаш мақсадида бўлган фуқаролар иштирок этишди.

Наманган шаҳар ҳокимлиги, “Оила” маркази, Хотин-қизлар қўмитаси ходимлари ва кўплаб тадбиркорлар муваффақиятли бизнесни ташкил этиш сирлари ва йўл-йўриқ, қонун-қоидалари ҳақида йиғилганларга батафсил  маълумот беришди.