НУКУСДА ЯНГИ ЎҚУВЛАР БОШЛАНДИ

“Ахборот-коммуникация технологиялари орқали мустаҳкам оила сари” лойиҳаси асосида республика бўйлаб ташкил этилаётган ўқув курслар энди Нукусда ҳам фаолият бошлади. “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Тошкент ахборот технологиялари университети, Инҳа университети ҳамкорлигида ишлаб чиқилган ушбу лойиҳа оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган оилалар, айниқса, ёш оилаларга ахборот-коммуникация технологиялари ва психология билимларини ўргатиш орқали ўз-ўзига ёрдам кўрсатиш саводхонлигини оширишга қаратилган. Лойиҳа асосидаги беш кунлик ўқув курсига қорақалпоғистонлик 15 нафар оғир вазиятларга тушиб қолган, оиласида тез-тез келишмовчиликлар бўлиб турадиган, ногирон оила аъзоларини парвариш қилаётган хотин-қизлар қамраб олинди.

Тингловчилар дарс давомида компьютер қурилмалари ва улардан фойдаланиш кўникмалари, интернетнинг мақсад, вазифаси ва уни фойдали мақсадларда ишлатиш, давлат хизматларидан фойдаланиш кўникмалари бўйича билим ва малака оширдилар. Шунингдек, курс тингловчиларига оғир вазиятлардан чиқиб кетиш, жамиятда шахс сифатида ўз ўрнини топиш борасида психологик ёрдам ва тавсиялар берилди.

Барча тингловчиларга ўқув курси сўнгида сертификат топширилди. Шунингдек, ўқувлар давомида фаол иштирок этган ва ахборот-коммуникация технологияларини тўлиқ ўрганиш истагини билдирган 3 нафар тингловчи ТАТУ Нукус филиали ўқитувчилари томонидан бир ой давомида бепул ўқитиладиган бўлди.

Ю.АУЕЗБАЕВА,
Оила» марказининг Қорақалпоғистон Республикаси Бошқармаси ҳузуридаги
Махсус ўқув курси бош мутахассиси