ЎЗБЕКИСТОН ДЕЛЕГАЦИЯСИ АҚШДА:

Оилалар ва болалар ижтимоий муҳофазаси мавзусида иш олиб борилди

Шимолий Каролина университетининг Жордан оила институти ҳамда “Ватандош” Ўзбек-Америка Федерацияси ҳамкорликда 2019 йил 29 апрелдан 3 майга қадар муҳофазага муҳтож оилалар ва болалар билан ижтимоий ишлаш муаммолари бўйича ишчи гуруҳ сессиясини ташкил қилган эди.

Делегация таркиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қошидаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази, Халқ таълими вазирлиги, Хотин-қизлар қўмитаси, Болалар ижтимоий мослашуви маркази, UNISEFнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси масъул ходимларидан иборат бўлиб, сафар давомида уларнинг ҳар бирлари ўз соҳаси бўйича АҚШ мутахассислари билан тажриба алмашишди.   

Америка қўшма штатлари номидан Нью-Йоркдаги Колумбия университети, Шимолий Каролина университети қошидаги Ижтимоий иш бўйича мактабнинг етакчи профессорлари ўз маърузалари билан сессияда чиқиш қилишди. Айтиб ўтиш жоизки, бу университет ўз мавқеига кўра АҚШнинг 200 та энг юқори рейтингида турадиган олийгоҳлари орасида 5-ўринда туради. Олий таълим муассасаларининг умумий сони эса 4000 га етади.

 

5 кун мобайнида олимлар ва амалиётчилардан иборат ишчи гуруҳ АҚШ ва Ўзбекистонда оилалар ва болаларни ижтимоий муҳофаза қилиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар билан танишиб боришди. Муҳокамалар вақтида оилалар билан ижтимоий ишлашни ташкиллаштиришнинг илмий асосланган ёндашувлари кўриб чиқилди. Алоҳида урғу ижтимоий муҳофазага муҳтож оилаларда  болаларни ҳимоя қилиш тизими, оилаларни эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда хизматлар билан таъминлаш учун давлатнинг кадр сиёсати, идоралараро ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш зарурати ҳамда давлат ва жамоат ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш, волонтерлар тизимини ривожлантиришга берилди. 

Сессия ишинининг муваффақияти кўп ҳолларда масалалар илмий ёндашув, халқаро амалиёт ва уни Ўзбекистонда қўллаш нуқтаи назаридан кўриб чиқилгани билан белгиланди. Хусусан, Ўзбекистонда ижтимоий иш қуйидагича ўрганилган:

  • оилаларни оғир ҳаётий вазиятларга тушиб қолишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлари;
  • оилаларни қўллаб-қувватлаш бўйича мавжуд тизимни ислоҳ қилиш;
  • ихтисослаштирилган муассасаларда бола сонини камайтириш мақсадида васийлик ва ҳомийлик тизимини қайта кўриб чиқиш.   

 

Учрашувларда Шимолий Каролина университети Ижтимоий инновация ва тадбиркорлик маркази директори, профессор Гарри Нельсон, Дьюк университети Халкаро ривожланиш маркази Джон Абельс, “Оилалар ва болалар аҳволини яхшилаш ва оилаларни кўллаб-қувватлаш” дастури директори Тамара Норис ва бошқа малакали халқаро экспертлар иштирок этишди.

Шунингдек, жамиятда хотин-қизлар фаоллигини ошириш масалалари бўйича профессор Линда Кендал томонидан болалар васийлигининг альтернатив ва ноинституцияллаштириш шакллари, оилалар ва болалар фаровонлиги,  кам таъминланганлик даражасини пасайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Ишчи гуруҳ сессияси давомида Ўзбекистонлик мутахассислар  бугунги кунда юртимизда болалар, оилалар ва хотин-қизларни қуллаб-қувватлаш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар ҳакида тақдимотлар қилишди.

Мутахассислар келгусида мазкур Университет, “Ватандош” Ўзбек-Америка федерацияси ва Ўзбекистондаги ташкилотлар ўртасида доимий ҳамкорлик ўрнатиш ва оила, хотин-қизлар, болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳаларидаги билим ва тажрибаларни кенгайтириб, ҳаётга кенг татбиқ этиш борасида аниқ режаларни ишлаб чиқишди.