ФАРЗАНДИМ УЧУН ЭНГ ЯХШИ СОВҒА

Сайхунобод туманида 15 май — "Халқаро оила куни" муносабати билан "Бизнинг оила китобхон", "Китоблар кўргазмаси", "Фарзандларимга китоб совға қиламан" мавзусида катта тадбир ўтказилди. “Бизнинг оила китобхон” беллашувида иштирок этган оилалар маънавий-ахлоқий қиёфаси, ўзаро тотувлиги, жамият ва давлат ишларидаги фаоллиги, фарзандлар тарбияси ва келажагига масъулиятли эканликлари билан барчага ибрат бўлишди.

Туманимизда истиқомат қилаётган кексаю ёш китоблар кўргазмасига ҳам катта қизиқиш билдиришди. Турли хилдаги бадиий адабиётлар, болалар ва ўсмирлар учун эртак ва ҳикоялар, энциклопедиялар, хорижий тилларни ўрганиш учун ўқув қўлланмалар кўргазмадан ўрин олди. “Фарзандимга китоб совға қиламан” акцияси бу кўргазманинг узвий давоми бўлди. Мазкур акция доирасида ота-оналар фарзандлари танлаган, ўқишни хоҳлаган китобларни совға қилишди.