ЁШ ОТА-ОНАЛАР МАКТАБИ ТАШКИЛ ЭТИЛАДИ

Тараққиёт стратегияси марказида “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази ўз ҳамкор ташкилотлари иштирокида йиғилиш ўтказди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июндаги “Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш концепциясини тасдиқлаш тўғриси”даги Қарори ижросини таъминлаш юзасидан “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази томонидан тузилган йўл харитасида белгиланган режаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази директори, сенатор Дилором Ташмухамедова иштирок этиб, оилаларнинг тарбиявий-таълимий салоҳиятини мустаҳкамлаш, жамиятда анъанавий оилавий қадриятларни сақлаш, маънавий-аҳлоқий муҳитини яхшилаш борасида ўз таклифларини билдирди.

Шунингдек, йиғилишда Соғлиқни сақлаш, Олий ва ўрта махсус таълим ҳамда Халқ таълими вазирлиги ходимлари, Республика болалар ижтимоий мослашув маркази мутахассислари иштирок этишди.

“Оила” марказининг бош мутахассиси Моҳира Халикова йўл харитасининг 4-йўналиши, 25-бандида кўрсатилган режалар бўйича маъруза қилди.

Ҳар бир ташкилот ушбу режаларни амалга оширишда ўзига таалуқли бўлган вазифаларни  белгилаб олди.

Йиғилишда маълум бўлишича, келгусида “Оила” маркази кўплаб ташаббуслар билан боғча ва мактабларга ҳам кириб бориши кўзда тутиляпти. Жумладан, мактаб ва коллежлардаги ота-оналар йиғилишларида “Ибратли ота-оналик кўникмалари” мавзусида давра суҳбатлари ўтказиш, шу мавзуда мобиль иловалар ишлаб чиқилиб, аҳолига тарқатиш устида иш олиб бориляпти. Шу билан бирга, йиғилишда ҳозирда ташкил этилаётган “Бўлғуси келин-куёвлар инновацион мактаби”нинг узвий давоми сифатида “Ёш ота-оналар инновацион мактаб”ини ҳам яратиш таъкидланди.