ТАЛАБА ҚИЗЛАРНИ ҚАНДАЙ МУАММОЛАР ҚИЙНАЯПТИ?

Талабалик даврида инсон қалби қайноқ, орзуларга тўла бўлади. Бу даврда унда кўп ишларни бажаришга қодир шижоат билан бирга, ҳаётий тажрибасизлик рўбарў бўлади. Шу боис талаба ҳамиша оқил йўлбошчи, маслаҳатчига муҳтож. Айниқса, уйидан, ота-онасидан олис ҳудудда таҳсил олаётган қизлар учун назорат ва кўмак жуда ҳам зарур.

Гулистон давлат университетида таҳсил олаётган талаба қизларнинг яшаш ва ўқиш шарт-шароитлари билан танишиш мақсадида  Сирдарё вилояти адлия бошқармаси, Гулистон шаҳар хотин-қизлар қўмитаси ҳамда “Оила” илмий-амалий тадқиқот марказининг шаҳар бўлими вакиллари таълим муассасаси ётоқхонасида бўлишди.

Мазкур университетда икки минг нафардан ошиқ талаба таҳсил олади. Университет ётоқхонасида 576 нафар вилоятнинг турли ҳудудларидан ҳамда республиканинг турли вилоятларидан келиб ўқиётган қизлар яшайди.

Ётоқхонада қизлар ва мутахассислар ўртасида давра суҳбати бўлиб ўтди. Қизғин мунозараларда қизлар ўз орзу-мақсадлари, дуч келаётган  муаммоларини ўртага ташлаб, бу борада керакли маслаҳатлар олдилар.

Қизларнинг интилувчанлиги, билимга чанқоқ, келажакка ишонч билан боқишлари меҳмонларга манзур бўлди.

Вилоят адлия бошқармаси бўлим бошлиғи З.Ҳайдарова қизларнинг ҳуқуқий мавзудаги саволларига жавоб бериш баробарида уларга доимий ҳуқуқий ёрдам берувчи ахборот-ресурс манбаларидан фойдаланишни ўргатди.

— Ҳуқуқи ва бурчини  билган, қонунларни ҳурмат қилган инсон ҳаётда катта муваффақиятларга эришади. Айниқса, хотин-қизларнинг жамиятдаги мавқеини оширишда, уларнинг мустаҳкам оиланинг муносиб бекаси бўлиши билан бирга, жамиятда ҳам ўзининг севимли касби, машғулотлари билан шуғулланиб, оила бюджети ва фарзандлар камолига ҳисса қўшишларида ҳуқуқий саводхонлик жуда ҳам муҳим, — дейди З.Ҳайдарова.  

Гулистон шаҳар ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Наргиза Тожибоева қизлар билан оила, миллий анъаналаримиз, қизлик ва келинлик фазилатлари ҳақида суҳбатлашди. 

Шунингдек, "Оила" марказининг Гулистон шаҳар бўлими раҳбари А.Пайзиева   қизларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, эрта никоҳнинг салбий оқибатлари ҳақида атрофлича тушунтириб берди.