КЕЛГУСИДА МАКТАБ ПСИХОЛОГЛАРИ ҲАМ СЕМИНАРЛАРГА ЖАЛБ ЭТИЛАДИ

Оила” илмий-амалий тадқиқот марказининг концептуал мақсадларини амалга ошириш масалалари” мавзусида марказнинг туман (шаҳар) бўлим мутахассислари малакасини ошириш ўқув семинарлари ўз ишини якунлайди.

Семинарларда тингловчиларга қай даражада янги билимлар берилгани ва келгусида бу йўналишда марказ томонидан режалаштирилган ишлар ҳақида “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази бош мутахассиси Моҳира Холиқова шундай дейди:  

— Таълим узлуксиз жараён. Бунда ўрганиш, фикрлаш, тафаккурни кенгайтириш каби босқичлар ўрин эгаллайди. Марказимизда ўқув семинарлар Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 26 мартдаги “Оила институтини мустаҳкамлаш соҳасида кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича махсус ўқув курслари ташкил этиш тўғрисида”ги Қарори асосида ташкил қилиняпти. Ўқув семинарлар марказнинг 14 та ҳудудий бошқармаларида ҳам фаолият олиб боряпти. Унда Хотин-қизлар қўмитаси, Оила маркази, ФҲДЁ органлари ва оилалар билан бевосита иш олиб борувчи бошқа мутахассислар касбий билим, кўникма ва малакасини оширишмоқда. “Оила” илмий-амалий тадқиқот марказининг концептуал мақсадларини амалга ошириш масалалари” мавзусидаги семинар уч босқичда ташкил этилди. Биринчи босқичда марказнинг вилоят бошқармаси бошлиқлари, иккинчи босқичда вилоят бошқармалари ҳузуридаги ўқув курси раҳбарлари ўқитилди. Учинчи босқичда туман (шаҳар) бўлимларидан 200 нафар раҳбар мутахассислар ўқитиляпти. Халқимиз азал-азалдан оилани қадрият даражасига кўтариб келган. Оиланинг мустаҳкамлигига жиддий эътибор қаратилган. Аммо ҳозирги глобаллашган замонда шундай муаммолар борки, улар ҳар қандай жамиятга ўз таъсирини кўрсатмай қўймайди. Жумладан, ўзбек жамиятида ҳам арзимас сабаблар билан оила фаровонлигига путур етиши каби ҳолатлар учраяпти. Шу боис, мамлакатда оила институтини мустаҳкамлашга хизмат қилувчи кўплаб мутахассисларни етиштириш ва улар ёрдамида ажралишлар, етим болалар сонини камайтиришга эришиш бугунги куннинг долзарб вазифасига айланиб қолди. “Оила” маркази ана шундай кадрларни шакллантириш мақсадида кўплаб лойиҳаларни амалга оширишни мақсад қилган. Айтайлик, келгусида оила психологи, патронаж хизмати ходимлари, профилактика инспекторлари, яраштирув комиссия раисларининг ҳам малакасини ошириш режалаштирилган.  Бу тизимларда ҳам малака ошириш курслари мавжуд, аммо уларда оила масалаларига кўп урғу берилмаган, бундан келиб чиқиб марказимизда ушбу тизим ходимларини ҳам ўқитиш кўзда тутилган. Мактаб инсонни тарбияловчи оиладан кейинги, иккинчи ўринда турадиган даргоҳ. Шу сабаб, унда кечаётган таълим-тарбия жараёни энг муҳим босқич саналади. Айниқса, ўқувчиларни руҳий-аҳлоқий жиҳатдан назорат қилиш, уларга мураккаб жараёнлардан чиқиб кетишда амалий кўмак бериш мактаб психологининг вазифасига киради. Бунда улар ўқувчининг оиладаги муҳити, дўстлари, ота-онаси, ўқитувчилари билан муносабатида юз бераётган муаммолари билан ишлашига тўғри келади. Демак, оила масаласида мактаб психологларининг ҳам катта ўрни бор. Келгусида улар билан ҳам ҳамкорликни йўлга қўйиб, уларга методик ёрдам бериш ва бу орқали ёшларни оилавий ҳаётга қуйи тизимдан бошлаб тайёрлашга эришишни мақсад қилганмиз.

Семинарнинг учинчи босқичи эртага ниҳоясига етади. Мутахассислар 48 соатлик ўқувлар давомида фаолиятларида асқотувчи кўплаб янги билимларга эга бўлишди. Семинар сўнгида тингловчиларга сертификатлар топширилади.