БУХОРОДА “ҚАЙНОНАЛАР МАКТАБИ” ТАШКИЛ ЭТИЛАДИ

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги  “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази раҳбари, сенатор Дилором Тошмуҳаммедова марказнинг Когон туман бўлими янги биносининг  очилиш маросимида қатнашди.

У сафар давомида бугунги кунда Бухоро вилоятидаги оилаларнинг ижтимоий - маънавий муҳити, демографик ҳолати, аҳоли саломатлиги даражасини чуқур ўрганиб, миллат генофондига таъсир этувчи салбий омиллар, миграция оқибатидан азият чекаётган болалар, ажримларни келтириб чиқараётган сабабларни аниқ, асосланган фактлар асосида танқидий таҳлил қилди.

Шунингдек, Республика “Оила” Маркази бўлим бошлиғи психология фанлар номзоди, доцент Ф.Акромова марказнинг туман бўлимлари раҳбарлари билан суҳбатлар ўтказди.  Мутахассислар давра суҳбати чоғида Президентимизнинг 2018 йил 2 февралда қабул қилган “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони, 2018 йил 27 июндаги “Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Қарори  ва тизимга оид бошқа қонуности меъёрий ҳужжатлар ижроси ва самарадорлиги ҳақидаги фикрлар, такиф ва режалар устида ишлашди.

Маросим “Оилага эътибор — ўзлигимизга эътибор” мавзусидаги амалий семинарга уланиб кетди. Дебат тарзида ташкил этилган семинарда миграция муаммоси таъсирида қийналаётган болалар билан ишлаш, медиация, ижтимоий иш ходимининг касбий салоҳияти мавзуларида тақдимот бўлиб ўтди.

Республика “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази  раҳбари Дилором Тошмуҳаммедова Бухорода кечган сафари давомида барча ҳудудлар муаммоларидан келиб чиқиб, уларга ечим бўлувчи қатор янги лойиҳаларни ҳам бошлаб берди. Жумладан,

  • Когон тумани марказидан узоқ масофада жойлашган чекка қишлоқларда “Оила ҳимояси” ижтимоий таянч пунктлари фаолиятини йўлга қўйиш;
  • Ғиждувон туманида “Келин танлаш санъати”;
  • Вобкент туманида “Қайноналар мактаби” очиш бўйича янги лойиҳалар устида ишлаш таклифини билдирди.

Моҳира ШАКАРОВА,
“Оила” маркази Бухоро вилоят бошқармаси
бош мутахассиси