“Ота-оналар университети — ота-оналарга асосий кўмакчи” мавзусида ўқув-семинар

17-18 октябрь кунлари “Ота-оналар университети — ота-оналарга асосий кўмакчи” мавзусида ўқув-семинар ташкил этилди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 19 июлдаги “Фуқаролар йиғини ҳузуридаги “Ота-оналар университети” жамоатчилик тузилмаси фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги 554-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази томонидан жорий йилнинг 17-18 октябрь кунлари “Ота-оналар университети — ота-оналарга асосий кўмакчи” мавзусида ўқув-семинар ташкил этилди.

Мазкур семинарда “Оила” илмий-амалий тадқиқот марказини 14 та ҳудудий бошқармаларининг махсус ўқув-курслари раҳбарлари, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг 14 та ҳудудий бўлимларининг бош мутахассислари, марказ ходимлари ва экспертлари иштирок этди.

Ушбу тадбир семинар-тренинг шаклида ўтказилган бўлиб, унда иштирокчилар расмиятчиликдан воз кечган ҳолда фаоллик билан ўзаро фикр алмашдилар.

Мазкур Қарорнинг 2-бандига мувофиқ “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши билан биргаликда “Ота-оналар университети” жамоатчилик тузилмалари фаолиятини самарали ташкил этиш ҳамда ота-оналарнинг билимларини оширишга қаратилган машғулотларни ўтказиш бўйича ишлаб чиқилган ҳамда ҳамкор ташкилотлар билан келишилган методик тавсиялар ўрганиб чиқилди.

Шунингдек, икки кунлик тренинг доирасида “Ота-оналар университети” жамоатчилик тузилмалари фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича “йўл харитаси” ишлаб чиқилди.

Шу билан бирга жойларда 14 та ҳудудда, кейинчалик 200 та туман ҳамда шаҳарларда “Ота-оналар университети” жамоатчилик тузилмалари раҳбарлари ва аъзолари учун оилада соғлом турмуш тарзини таъминлаш, ёшлар ва бошқа шахсларга фарзанд тарбиясига оид масалаларда вужудга келган қийин вазиятлардан чиқиш борасидаги ҳуқуқий, маънавий-аҳлоқий, педагогик, психологик ва тиббий билимларини оширишга қаратилган машғулотларнинг ўқув дастури ва ўқув семинарларини ўтказиш режаси ишлаб чиқилди.