ЁШЛАРНИ ОИЛАГА ТАЙЁРЛАШНИНГ ПСИХОЛОГИК ХУСУСИЯТЛАРИ

4 феврал куни Тошкент темир йўл муҳандислари институтида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази мутахассислари иштирокида хужжатли фильм намойиши ташкил этилди.

Бутун дунёда давом этаётган оилавий инқироз Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтмаётгани ҳеч кимга сир эмас. Афсуски, бу масалада ота-оналари қатори ёшларнинг ҳам улуши кўпроқ. Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, замонавий намунали оилани шакллантириш, ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш, улар ўртасидаги ажрим ҳолатларининг олдини олиш мақсадида қатор ишлар амалга оширилаётганига қарамай, ҳануз бу соҳадаги муаммоларимиз етарлича.

Тадбир аввалида талабалар эътиборига оилавий келишмовчиликлар, низо ва жанжаллар келиб чиқишининг сабаблари тўғрисидаги филм намойиш этилди.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Оила илмий-амалий тадқиқот маркази мутахассиси Ёқутой Хакимова ва институт психологи Раъно Баратовалар талабалар билан филмни муҳокама қилдилар.

Ёшларимиз турмуш қураётган вақтида, ҳеч қачон, турмуш ўртоғим ёки унинг оила аъзолари билан низо-жанжалга бораман, охир-оқибатда оилам бузилиб, ажрашиб кетаман,- деб турмуш қурмайди, - деди институт психологи Раъно Баратова. - Ёшлар оила қураётган вақтда тиланаётган эзгу-тилаклар уларга доимо ҳамроҳ бўлиши биринчи навбатда уларнинг ўзига боғлиқ. Оилавий ажралиш инсон психологияси, унинг келажагига салбий таъсир кўрсатади. Оилавий ажралиш нафақат бир инсонга, балки оиланинг барча аъзоларига, яқин қариндошлар ҳаёти ва руҳиятига салбий оқибатлари билан зарар келтиради.

Сўзга чиққанлар ёш оилада меҳр-муҳаббат, ҳурмат-иззатнинг кўтарилиши, бир-бирига хиёнат қилишлар туфайли келишмовчиликлар охир оқибат эр-хотин ажримлари тугаши тўғрисида сўз юритдилар. Оила қуришда биринчи никоҳ қанчалик қимматли ва ардоқли эканлигини, йўқотиб қўйилгач, ачиниш ва қўмсаш ҳислари юзага келиши мумкинлигини никоҳга қадар англаб этишлари зарурлиги ёшларга уқтирилди.

Тадбирда шунингдек, Миробод тумани Хотин қизлар масалалари бўйича катта инспектори Мадина Джаханова, Миробод тумани Хотин қизлар масалалари бўйича катта инспектори Сарвара Шукуруллаевалар ҳам иштирок этдилар.

 

Ахборот хизмати