Болажонларга Янги йил қувончи улашилди

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги  “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази Тошкент вилояти бошқармаси Ангрен шаҳри бўлими томонидан  янги йил байрами арафасида “Меҳр кўрсатинг!” акцияси  бўлиб ўтди.  Мазкур тадбир вилоят  ички ишлар бошқармаси ва  “Қизил ярим ой” жамияти билан ҳамкорликда ташкил этилди. Дастлаб шаҳардаги 9- сон имконияти чекланган болалар учун ихтисослашган ёрдамчи мактабнинг  15 та синфида таҳсил олаётган 160 нафар  ўқувчи учун  байрам дастурхони  ёзилди. Болажонларга аталган  байрам совғалари тарқатилди.

34-махсус  болалар  интернати  тарбияланувчилари ҳам  бу меҳр-мурувватдан беҳад мамнун бўлишди. “Турон”  тадбирлар уйида  ўтказилган мазкур акцияда ижро этилган  куй-қўшиқлар  болалар  ва уларнинг  ота-оналарига кўтаринки руҳ бағишлади. Айниқса,  ҳомийлар томонидан  тақдим этилган ранг-баранг мавзудаги бадиий китоблар ўқувчиларни ниҳоятда қувонтирди. Шубҳасиз, эндиликда болажонлар қишки таътил даврида янги шеърлардан баҳраманд  бўлиб, эртаклар оламига саёҳат қиладиган бўлишди.

Умида Мансурова