Ўзбекистонда болаларга ғамхўрлик қилиш тизимига янгича ёндашув

“Болаларга ғамхўрлик қилиш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш соҳасининг ходимлари фаолиятини такомиллаштириш” 
бўйича давра суҳбати бўлиб ўтди.

 Тошкентда 1 март куни «Оила» илмий–тадқиқот маркази ҳамда БМТнинг Ўзбекистондаги ЮНИСЕФ болалар фонди ваколатхонаси томонидан ташкиллаштирилган давра суҳбатига болалар парвариши ислоҳотларига алоқадор барча вазирликлар ва ташкилотлар, жумладан Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Молия вазирлиги, Пенсия жамғармаси, “Маҳалла” Фонди, Республика ички ишлар бошқармаси, Бош прокуратура, Ўзбекистоннинг болалар шаҳарчалари SOS ҳамда бошқа қизиқиш билдирган ташкилотлар жалб этилган.

Давра суҳбатини ўтказишдан асосий мақсад Ўзбекистон Республикаси ижтимоий хизматлар ходимларини ЮНИСЕФ ташкилоти томонидан жалб қилинган Колумбия университети (АҚШ) халқаро экспертлари томонидан ижтимоий фаолият функцияларини баҳолаш натижалари билан таништириш; Европа ва Марказий Осиё бўйича Ҳудудий бўлими томонидан ноинституционаллаштириш жараёнига қўйилган қадамлар бўйича маълумот бериш; Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 11 февралдаги “Етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтиришнинг қўшимча чора-тадбирлари” ПП-4185-сонли Қарори ижросини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистонда ижтимоий ҳимояга мухтож болалар парвариши ислоҳотини илгари суриш ва амалга ошириш таклифларини идоралараро муҳокама қилиш.

«Оила» илмий–тадқиқот маркази директори Д.Ташмухамедова ўз кириш сўзида белгилаб ўтганидек, оҳирги йилларда мамлакатимизда ижтимоий етимликка қарши кенг кўламли ишлар олиб борилгани, айниқса аҳоли ўртасида соғлом оила қуришга бўлган жавобгарлик ҳиссини кучайтиришга қаратилган ташвиқот ишлари, оилавий қадриятларга маънавий-маърифий қарашни шакллантириш қаби тушунчалар Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарорида баҳоланган. Бугунги кунда олиб борилаёган чора-тадбирлар натижасида тарбияга чақирувчи ташкилотлар ва унда тарбия кўраётган етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болалар сонининг камайишига олиб келди. Шу билан бирга  болаларни оилаларга жойлаштириш ва оила томонидан қабул қилиниши (патронат)ни таъминлаш, болаларни мустақил ҳаётга тайёрлашнинг қулай шарт-шароитларини яратиш учун кўшимча чора тадбирларни ишлаб чиқилганини алоҳида таъкидлаш жойиз.   

Д.Ташмухамедова шунингдек қатнашувчилар диққатини, мамлакатда ижтимоий етимликни камайтиришга қаратилган, етим ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг тарбиясини қўллаб-қувватлаш механизмларини янада ошириш, уларнинг ижтимоий мослашувини жадаллаштириш учун кенг имкониятлар яратиш, тарбия қилиш муассасалари ишини яхшилаш, ҳамда жисмонан соғлом ва маънавий жиҳатдан ривожланган ёшларни тарбиялашда оила ролини мустахкамлаш каби ислоҳотлар белгилаб қўйилганлигига қаратди.

Шу билан бирга, «Оила» илмий–амалий тадқиқот маркази, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари Республика кенгаши, Республика болалар ижтимоий мослашув марказига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига оилага тарбия (патронат)га олган потенциал васий, боқиб олувчи ва оила типидаги болалар уйи тарбиячиларини танлаб олиш тизимини янада такомиллаштириш таклифини киритиш белгилаб берилган.  

Ушбу қарорнинг муҳимлиги шундаки, барча вазирликлар ва идоралар олдига аниқ вазифалар белгилаб берилдики, уларни бажарилиши натижасида оилага қабул қилиш ва ҳомийликка олишнинг барча турлари қўллаб-қувватланади ва амалий ёрдам берилади, шу жумладан:

  • “Мехрибонлик” уйлари ва болалар шаҳарчалари ҳудудлари ва хоналарини видеокузатув камералари билан жиҳозлаш (видеокузатув камераларидан ёзиб олинган маълумотларни махсус архивларда сақланишини таъминлаган ҳолда);
  • Кам таъминланган, кўп болали, ҳамда отаси, ёки онасиз қолган болаларни “Меҳрибонлик” уйларига вақтинча жойлаштириш ҳақида қарор қабул қилган давлат ташкилотларининг жавобгарлигини кучайириш;
  • Турар жойга мухтожлар руйхатида турувчи етим ва ота-оналарсиз қолган болаларни ўз вақтида уй-жой билан таъминлаш;
  • Тарбия муассасаларидан чиққан етим ва ота-она қарамоғисиз қолган болаларни иш билан таъминлаш борасида тизимли равишда ишка туширилган мониторинг қилиш механизмини янада такомиллаштириш;
  • “Меҳрибонлик” уйлари ва болалар шаҳарчалари тарбияланувчилар, айнан 10-11 синф ўқувчилари программалаштириш, қолаверса “ахборот-коммуникация технологиялари” йўналиши соҳасини ўрганишлари ва амалиёт ўташлари учун Интернет тармоғига улаб берилади  ва компьютерлар билан тўлиқ таъминланадилар;
  • “Мехрибонлик” уйлари ва болалар шаҳарчаларини “ZiyoNET” таълим тармоғига улаш, электрон ўқув материаллари билан бир қаторда дастурлаш ҳамда ахборот технологиялари йўналишидаги маълумотлар базасига кириш имконини бериш.

Шунингдек етим ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий химоялашга қаратилган қонунчиликка ўзгартиришлар киритиш ва кўшимчалар қилиш таклифи тайёрланди.   

Ўзбекистон ушбу ислоҳотни амалга оширишидан ўз олдига қўйган асосий мақсади – худди бошқа болалар каби, етим ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болалар оилаларда тарбия қўришини ва ҳимояланишини таъминлаш.