ЭЗГУ АМАЛЛАР САВОБИГА ЭРИШАЙЛИК

Муҳтарам юртдошлар, Рамазон яъниким, сабр ойи ҳам поёнига етди. Бу йилги Муборак Рамазон ойи ҳар қачонгидан ҳам ўзгача кечди. Коронавирус инфекцияси туфайли жорий этилган карантин сабаб Рамазон ойида юртимизнинг барча рўзадорлари уйларида сабрни ўзларига соябон айлаб,  оила аъзолари билан биргаликда намозларини ўқиди, Оллоҳ ризосига сазовор бўлиш мақсадида мўминлик фарзини қунт билан адо этди.

Ойларнинг энг афзали бўлмиш Рамазон ойи бизни қалб адоватидан поклади, сабр зийнатлари билан безантирди. Рўзадорлар “Рамазондаги амалларимизни қабул эт!”, дея тинмай дуода бўлардилар.

Хабарингиз бор, бугунги кунда бутун дунёни ташвишга солаётган  коронавирус пандемияси инсоният учун катта синов бўлиб турибди. Бу вирус миллат, ирқ ёки ҳудуд танламаяпти.

Элимиз “Уйда қолинг” деган даъватга қалбан амал қилиб, сабр-тоқат ила карантин шароитида яшамоқда. Бирорта ҳам юртдошимиз, бирорта ҳам оила ушбу кутилмаган фалокат қаршисида ёлғиз қолдирилмади, десам хато қилмаган бўламан. Дунё бўйлаб коронавирус инфекциясининг тарқалиши хавфи туфайли юзага келган вазият оқибатини олдини олиш мақсадида Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида фуқаролар саломатлиги ва қолаверса, ҳар бир оила ҳаётини ҳимоя қилиш бўйича барча йўналишларда тезкор ва кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Рамазон ойида, айниқса, ёрдамга муҳтож ва эҳтиёжманд шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оилалар ва маҳаллаларда меҳр-оқибат ва ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлаш билан боғлиқ ташкилий чора янада кучайтирилади.

Лекин, афсуслар бўлсинким, дунёнинг кўплаб мамлакатларида коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазият ҳануз кескинлигича қолмоқда. Мамлакатимизда эпидемиологик вазият жиловини маҳкам ушлаган ҳолда карантин талабларини юмшатиш босқичма-босқич давом эттирилмоқда.

Азизлар! Азалдан халқимиз илмга, хусусан диний илмга рағбат туйиб келган. Ўз ўрнида давлатимиз томонидан, айниқса, сўнгги йилларда,  фуқароларимизнинг диний эҳтиёжларини қондириш учун кўплаб савоб ишларни амалга оширмоқда. Буларнинг барини халқимиз билиб, кўриб турибди.

Куни кеча, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Ушбу ҳужжатга биноан Рамазон ҳайити юртимизда жорий йил 24 май куни нишонланади.

Хабарингиз бор, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгашининг “2020 йил Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги Баёноти эълон қилинди.  Унда, хусусан 2020 йилги Рамазон ҳайити намозини пандемия даврида жамоат бўлиб ўқиш имконияти мавжуд эмаслиги туфайли мўминларнинг зиммасидан ушбу ибодатни соқит қилиниши айтиб ўтилган. Юртдошларимизга ҳайит куни қуёш терак бўйи кўтарилгандан кейин ўз хонадонларида тўрт ракатли нафл намози ўқишлари тавсия этилди. Аввало, ҳар томонлама чуқур ўйланган ва Ислом илмига асосланган ушбу тавсия мусулмонларимиз соғлиғи, ҳар бир оила ва жондан азиз фарзандлар саломатлиги ташвишида берилди.

Оила – муқаддас даргоҳ, эркак оиланинг қўрғони, аёл эса, унинг файзи ва фариштаси, фарзандлар эса, оиланинг болдан тотли меваларидир. Гарчанд шундай экан, ҳар биримиз ўзимизнинг исломий бурчимизни хавфдан ҳоли бўлган ҳолда адо этайлик. Зеро, муқаддас динимизда зарарни даф қилиш фойдани жалб қилишдан олдинга қўйилади

Азиз юртдошлар, Рамазон ҳайитида барчамиз оила даврасида қолиб, байрамни карантин қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда нишонлайлик.  Яратгандан халқимизни бало-қазолардан асраши ва юртимизга фаровонлик ва тинчлик ато этишини илтижо қилиб, эзгу амаллар савобига эришайлик.

 

Дилором ТОШМУХАМЕДОВА,
Олий Мажлис Сенатининг
Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси
раиси ўринбосари