15 май - Халқаро оила куни – “Оила муқаддас”

Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан “Оила” маркази билан ҳамкорликда 15 май - Халқаро оила куни муносабати билан “Оила муқаддас” шиори остида бир қатор тадбирларни амалга оширди.

Жумладан, 15 май куни “Ўзбекистонда оилани ижтимоий-демографик ривожлантиришнинг асосий омиллари” мавзусидаги республика илмий-амалий онлайн конференцияси (Zoom дастури орқали) ўтказилди.

Конференция ишида сенаторлар, давлат ва нодавлат ташкилотлари, олий таълим муассасаларининг 100 дан зиёд олимлари илмий мақолалар билан иштирок этди.

Онлайн тадбирни Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари Э. Баситханова кириш сўзи билан очиб бериб, оила институтини мустаҳкамлаш бўйича “Соғлом оила – соғлом жамият” ғоясини ҳаётга татбиқ этишга йўналтирилган ягона давлат сиёсатини олиб бориш масалаларида жамиятимиз олдида турган долзарб вазифалар ечимини топишда илмий тадқиқот ишлари ва уларни амалиётга татбиқ этиш аҳамияти ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди.

Мазкур илмий-амалий конференцияга олим ва тадқиқотичлар томонидан 100 дан зиёд илмий амалий мақолалар келиб тушган. Таҳлил натижаларига кўра, тўпламга 85 та (240 саҳифадан ортиқ) илмий тадқиқот материаллари киритилди.

Конференцияда қуйидаги шўъбалар доирасида оила масалалари муҳокама қилинди:

1 - шўъба: Оила мустаҳкамлигининг асосий омиллари ва оилавий қадриятлар аҳамияти.

2 - шўъба: Оила соҳасидаги демографик сиёсатнинг асосий йўналишлари

3 - шўъба: Оилаларни ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш ва никоҳ-оила муносабатларини такомиллаштиришнинг долзарб масалалари.

4 - шўъба: Оила саломатлигини мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилишнинг долзарб муаммолари.

Илмий-амалий конференция натижалари бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди.

***

Жамиятда замонавий намунали оила мезонларини ҳаётга жорий этиш мақсадида 10-15 май кунлари “Оила – муқаддас” шиори остида “Энг яхши оилавий видеоролик” онлайн танловини ўтказилди.

Танлов шартига кўра, унда қатнашишни истаганлар оила аъзолари иштирокидаги қисқа, яъни 1 дақиқали видеоролик тайёрлаши ва #oilamfaxrim ва #oilamuqaddas хэштеглари остида Facebook ёки Instagram саҳифаларига жойлаштириши ҳамда @Оilafestbot телеграмм-ботига юбориши талаб этилди.

Қисқа муддатларда, яъни беш кун ичида “Оила – муқаддас” шиори остидаги онлайн танловга республиканинг қарийб барча ҳудудлари ва турли миллат вакилларидан жами 5 минг 235 та видеорлик келиб тушди.

Мазкур онлайн танловга юборилган барча видеороликларда иштирокчилар ўз оиласининг ҳаёти, тарихи, анъаналари, эришган ютуқ ва муваффақиятлари, қизиқишлари, орзу-истак ва келгуси мақсадлари акс этган.

“Энг яхши оилавий видеоролик” онлайн танловининг тақдирлаш маросими, режага мувофиқ, 20 май куни соат 12.00 да онлайн тарзда ўтказилди. Унда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ва “Оила” маркази мутасаддилари ғолибларни тантанали эълон қилди.

Танлов якунларига кўра, Андижон вилоятининг Избоскан туманидан Жавоҳир Камоловлар оиласи биринчи, Tошкент шаҳридан Бекзод Тоировлар оиласи иккинчи, Нукус шаҳридан Нурбек Раджаповлар оиласи учинчи ўринга муносиб топилди.

Биринчи ўринни эгаллаган оила ноутбук, иккинчи ўрин нетбук, учинчи ўрин планшет ва сертификатлар билан тақдирланди.

Шунингдек, танловнинг иккинчи босқичида қатнашган юздан зиёд иштирокчиларга Вазирликнинг эсдалик совғалари ва сертификатлари берилди.

Ҳозирда, онлайн танлов ташкилотчилари ғолиблар ва тақдирланган иштирокчилар билан боғланиб мукофотлар ва эсдалик совғаларини етказиб бериш ишлари амалга оширилмоқда.

***

Шу билан бир қаторда, 15-май куни, Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан ҳамкорликда 20 миллиондан зиёд республика фуқарорларининг мобил алоқа воситаларига 15 май Халқаро оила кунига бағишланган “Mahalla va oilani qo‘llab-quvvatlash vazirligi Sizni 15 may – Xalqaro Oila kuni bilan tabriklaydi va oilangizga farovonlik va baxt tilaydi”, Министерство по поддержке и развития махалли и семьи поздравляет Вас с Международним днём семьи – 15 мая. Желает Вашей семье благополучия, взаимопонимания и счастья” мазмунидаги SMS табрик матнлари ўзбек ва рус тилларида юборилди.

“Оила” маркази матбуот хизмати