ОНЛАЙН ТАНЛОВ ҒОЛИБЛАРИ ЭЪЛОН ҚИЛИНДИ

15 май – Халқаро оила куни муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан жорий йилнинг 10-20 май кунлари “Оила – муқаддас” шиори остида “Энг яхши оилавий видеоролик” онлайн танловини ўтказилди.

Танловдан кўзланган асосий мақсад – жамиятда замонавий намунали оила мезонларини ҳаётга жорий этишдан иборат.

Танлов шартига кўра, унда қатнашишни истаганлар оила аъзолари иштирокидаги қисқа, яъни 1 дақиқали видеоролик тайёрлаши ва #oilamfaxrim ва #oilamuqaddas хэштеглари остида Facebook ёки Instagram саҳифаларига жойлаштириши ҳамда @Оilafestbot телеграмм-ботига юбориши талаб этилди.

Қисқа муддатларда, яъни беш кун ичида “Оила – муқаддас” шиори остидаги онлайн танловга республиканинг қарийб барча ҳудудлари ва турли миллат вакилларидан жами 5 минг 235 та видеорлик келиб тушди.

Танловнинг шарт ва талабларига кўра, улардан 306 таси биринчи турга, сўнгра 110 таси иккинчи турга ўтди.

Мазкур онлайн танловга юборилган барча видеороликларда иштирокчилар ўз оиласининг ҳаёти, тарихи, анъаналари, эришган ютуқ ва муваффақиятлари, қизиқишлари, орзу-истак ва келгуси мақсадлари акс этган.

ТАНЛОВ ҒОЛИБЛАРИ

“Энг яхши оилавий видеоролик” онлайн танловининг тақдирлаш маросими, режага мувофиқ, 20 май куни соат 12.00 да онлайн тарзда ўтказилди. Унда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ва “Оила” маркази мутасаддилари ғолибларни тантанали эълон қилди.

Танлов якунларига кўра, Андижон вилоятининг Избоскан туманидан Жавоҳир Камоловлар оиласи биринчи, Тошкент шаҳридан Бекзод Тоировлар оиласи иккинчи, Нукус шаҳридан Нурбек Раджаповлар оиласи учинчи ўринга муносиб топилди. Шунингдек, танловнинг II-босқичида қатнашган юздан зиёд фаол иштирокчилар Вазирликнинг эсдалик совғалари ва сертификат билан тақдирланади.

ТАНЛОВ ҒОЛИБЛАРИ

Шуни алоҳида қайд этиб ўтиш лозимки, мазкур танловининг тақдирлаш маросимини онлайн тарзда ўтказиш жараёнида иккинчи ўринни эгаллаган Бекзод Тоировлар оиласи танловни мунтазам кузатиб борганини, ҳар бир видеороликни кўриб, бошқа оилалар ҳаётини кузатганини айтиб ўтди ва танловда Қашқадарё вилояти, Косон туманидан иштирок этган Убайдулла Саъдуллаевнинг видеоролиги унда катта таассурот қолдиргани, отасидан эрта ажралган оила фарзандларининг аҳил-иноқликда фаровон яшаётгани хусусида гапирди.

Сўзи сўнгида Бекзод Тоировлар оиласи танлов ташкилотчиларига ўз миннатдорчилигини билдирган ҳолда иккинчи ўрин учун ажратилган нетбук ва эсдалик совғаларини Убайдулла Саъдуллаев оиласига етказиб беришни илтимос қилди.

Аслида юртимизда яшаб, фарзандларига муносиб таълим-тарбия бераётган, ҳалол меҳнати билан элу юртга муносиб хизмат қилаётган ҳар бир оила ғолибдир.

Айни дамда, онлайн танлов ташкилотчилари ғолиблар ва тақдирланган иштирокчилар билан боғланиб мукофотлар ва эсдалик совғаларини етказиб бериш ишларини бошлаб юборишган.

“Оила – муқаддас” шиори остида ўтказилган “Энг яхши оилавий видеоролик” танлови ташкилотчилари танловнинг барча иштирокчилари келгусида ҳам оилаларда маънавий-ахлоқий, асрий эзгу қадриятларни асраб-авайлаш ва мустаҳкамлаш, баркамол авлодни тарбиялаш ҳамда ватанимиз шарафини улуғлаш каби эзгу ишларида ўрнак бўлишда фаоллик кўрсатадилар, деб умид қилади.

 

Матбуот хизмати