ОНЛАЙН КОНФЕРЕНЦИЯДА ОИЛА МАСАЛАЛАРИ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ

Бугун Халқаро оила куни муносабати билан  “Оила” илмий-амалий тадқиқот марказининг “Ўзбекистонда оилани ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишларини тадқиқ этиш” мавзусидаги лойиҳаси доирасида  “Ўзбекистонда оилани ижтимоий-демографик ривожлантиришнинг асосий омиллари” республика илмий-амалий (онлайн Zoom дастури орқали) конференцияси ўтказилди.

“Оила муқаддас” шиори остида ўтган мазкур конференция ишида сенаторлар, давлат ва нодавлат ташкилотлари, олий таълим муассасаларининг 100 дан зиёд олимлари илмий мақолалар билан иштирок этди. 

Онлайн илмий-амалий конференцияни “Оила” маркази директори ўринбосари Дилбар Алимжанова олиб борди ва  конференцияга  100 дан зиёд илмий амалий мақолалар келиб тушгани ва таҳлил натижаларига кўра, тўпламга 85 та (240 саҳифадан ортиқ) илмий тадқиқот материаллари киритилганини таъкидлаб ўтди.

Онлайн тарзда ўтган тадбирни Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари Эльмира Баситханова кириш сўзи билан очиб бериб, иштирокчилар эътиборини жамиятда “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойилининг тўлақонли ва самарали жорий этилиши, оилалар ва маҳаллалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан яқин ҳамкорлигини ўрнатишдаги долзарб вазифаларга қаратди.

“Оила институтини мустаҳкамлаш бўйича , энг аввало, “Соғлом оила – соғлом жамият” ғоясини ҳаётга татбиқ этишга йўналтирилган ягона давлат сиёсатини олиб бориш, нотинч ва муаммоли оилаларга манзилли кўмак беришни ташкил этиш кабилар жамиятимиз олдида турган долзарб вазифа”, дея таъкидлаб ўтди Э. Баситханова.

Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Дилором Тошмухамедова оилани ижтимоий-демографик ривожланиш истиқболлари ҳақида сўз юритиб, жумладан, оила мустаҳкам, соғлом бўлиши учун унинг муаммоларини комплекс таҳлил қилиш ва оила институтини қўллаб-қувватлаш ва мустаҳкамлаш, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлашни кучайтириш, оилавий муносабатларнинг миллий маънавий-ахлоқий анъаналарини сақлаб қолиш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратиш лозим эканини таъкидлаб ўтди.

Конференция иштирокчилари оиланинг иқтисодий фаровонлиги давлат эътиборида, оиладаги шахслараро муносабатларда кузатиладиган психологик муаммолар ҳолати, оиладаги зўравонлик: муаммо ва ечимлар, ёшларнинг ижтимоийлашувида оиланинг ўрни каби мавзулардаги маърузаларни муҳокама қилдилар.

 

“Оила” маркази матбуот хизмати