ЖАҲОЛАТ ЁВУЗЛИК ВА УРУШЛАРГА БОШЛАЙДИ

Ғалаба

Биз бугун тинч ва озод юртда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллигини кутиб олаяпмиз. Кўзларимиз эришилган ғалабадан, берилган қурбонлардан нам. Ғалаба жуда қимматга тушган. Манбаларда келтирилишича, шу уруш туфайли дунё бўйича 30 миллион нафардан 50 миллион нафаргача инсон ҳалок бўлган.

Хўш, бу урушнинг сабаби нимада эди? Жавоб битта: жаҳолат. Ўша пайтда инсоният бирлашиб, жаҳолатга, яъни фашизм ғоясига қарши маърифат ғалабасини таъминлаганида, иккинчи жаҳон уруши бўлмас эди. 

Бунёдкор ғоялар халқларни эзгу мақсадларга йўналтириб, тараққиётнинг янги марраларга элтади. Вайронкор ғоялар эса, одамларни, миллатларни хонавайрон қилиб, жаҳолатга етаклайди. Инсоният ўз тарихида қанча уруш кўрган, қанча қурбон берган бўлса, буларнинг бари ёвуз ғояларнинг пайдо бўлишидан, тарғиб қилинишидан, кейин эса қўлларга қурол берилишидан бошланган.

Кўҳна тарих диний ақидапарастлик, фанатизм, терроризм, босқинчилик, фашизм, шовинизм, большевизм ва бошқа вайронкор ғояларни кўп кўрди. Шулардан бири – фашизм инсоният тарихидаги энг ёвуз ва қаттол ғоя бўлиб қолди.

Хуллас, фашизм ХХ асрнинг жаҳолат эпидемияси бўлди. Унга қарши маърифат билан курашмаслик, лоқайдлик қандай даҳшатли асоратларга олиб келишини Иккинчи жаҳон уруши яққол кўрсатди.

Ҳар бир уруш қатнашчиси – бебаҳо бойлигимиз, тирик қадриятимиз. Улар ўзларининг эгилган қоматлари, танларида сақланиб қолган ўқ излари билан инсониятга кечаги тарихдан хулоса, сабоқ чиқаришга чорлаяпти. Инсониятни огоҳликка чақирмоқда. Халоскорларимизни бағримизга босиб, табриклаймиз.

Ғалабанинг 75 йиллик байрами арафасида давлатимиз раҳбари ташаббуси билан “Ғалаба боғи” барпо этилди. Бу боғ бир томондан юртимизни безайди. Иккинчи томондан ўсиб келаётган авлодни мардлик, юксак ватанпарварлик руҳида тарбияловчи жасорат майдони бўлиб қолади.

(Мақола қискартириб берилди. Мақоланинг тўлиқ матнини “Янги Ўзбекистон” газетасида ўқишингиз мумкин)

 

 Муҳаммаджон ҚУРОНОВ,
педагогика фанлари доктори, профессор.
“Оила” маркази эксперти