ҲУДУДЛАРНИ КОМПЛЕКС БАҲОЛАШНИНГ ИЖТИМОИЙ-ДЕМОГРАФИК ЖИҲАТЛАРИ

КОМПЛЕКС БАҲОЛАШ

Оилаларнинг ижтимоий-демографик ҳолатини яхшилаш жараёнларини бошқариш учун зарур шарт-шароитларни шакллантиришда ахборот тўплаш, уни қайта ишлаш ва таҳлил қилиш бўйича ижтимоий-статистик усулларни ўз ичига олган ахборот билан таъминлаш тизимини яратиш муҳим аҳамият касб этади.

Бу соҳада олиб борилаётган сиёсатнинг самарадорлигини оширишда оилалар ҳаётида юзага келаётган ўзгаришларнинг ҳозирги ҳолати ва динамикасини ҳисобга олиш ниҳоятда муҳим. Шундагина мониторингни амалга ошириш жараёнида режалаштирилган ва эришилган натижаларни таҳлил қилган ҳолда, илмий асосланган ва тўғри қарорлар қабул қилиш имконияти бўлади.

Шу маънода, ҳудудларда оилаларнинг ижтимоий демографик ҳолатини тизимли мониторинг қилиб бориш учун “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази томонидан ҳар бир вилоят, шаҳар ва туманлар кесимида оилалар ҳолатининг ўзгаришини акс эттирувчи кўрсаткичлар ва индекслар ишлаб чиқилган.

Мониторинг натижаларининг самарадорлигини таъминлаш мақсадида кўрсаткичлар аниқ талабларга жавоб берадиган тарзда тайёрланди:

  • қўйилган вазифалар бўйича етарли кўрсаткичлар бўлиши;
  • қамрови ва мазмун-моҳияти жиҳатидан ишончли кўрсаткичларни йиғиш;
  • турли хил ҳудудлар даражасида керакли статистик маълумотлар кўрсаткичларини олиш имкониятининг мавжудлиги;
  • маълум тенденцияларни аниқлаш имконини берувчи кўрсаткичлар динамикаси;
  • бошқа ҳудудлар, минтақалар, давлатлар билан кўрсаткичларни таққослаш.

Ҳудудларда оилаларни саломатлик, таълим, бандлик ва фаровонлик кўрсаткичлари билан бирга ижтимоийдемографик ҳолат мажмуини ўрганиш, энг аввало, ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини кўриб чиқишни талаб этади.

Шу нуқтаи назардан, ҳудудларнинг аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот, аҳолининг ишсизлик ва кам таъминланганлик даражалари бўйича рейтинги ва таҳлили амалга оширилди.

Ҳудудларда оилаларнинг ижтимоий-демографик ҳолатини тизимли мониторинг қилиб бориш учун “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази томонидан ҳар бир вилоят, шаҳар ва туманлар кесимида оилалар ҳолатининг ўзгаришини акс эттирувчи кўрсаткичлар ва индекслар ишлаб чиқилди – демография, таълим, саломатлик, бандлик ва фаровонлик, ҳуқуқбузарликлар индекслари шулар жумласидандир.

Мазкур нашр Ўзбекистон ҳудудларида оилаларнинг ижтимоий-иқтисодий ва демографик муаммоларига бағишланган.

Қўлланма оила институтини мустаҳкамлаш масалалари билан шуғулланувчи мутахассислар ва шу соҳада қарорлар қабул қилувчи мутасаддилар учун мўлжалланган.

“Оила” маркази матбуот хизмати