АЁЛЛАРГА ҚАРШИ ЗЎРАВОНЛИК ВА СТАТИСТИК  ИНДИКАТОРЛАР

Оила – халқ, миллат давомийлигини сақловчи, миллий қадриятлар ривожини таъминловчи, маънавий баркамол авлодни дунёга келтириб тарбияловчи муқаддас макондир. Оила кўрки эса, аёл. Бугунги кунда хотин-қизларни зўравонликдан ҳимоя қилиш борасида жамиятда хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликка доир муросасизлик муҳитини яратиш учун чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, мамлакатимизда хотин-қизларни зўравонликдан ҳимоя қилишга оид бир қатор халқаро ҳужжатлар ратификация қилинди.
Инсон ҳуқуқларига оид халқаро ҳужжатларда шахсни зўравонликлардан, шу жумладан оилада содир этиладиган жиноий зўравонликлардан ҳимоя қилиш механизми мустаҳкамлаб қўйилган. Миллий қонунчилигимизда ҳам инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, унинг ҳаёти, соғлиги, қадр-қиммати ва бошқа қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш масалалари устуворлик касб этади.
Шу ўринда қайд этиш лозимки, аёлларга қарши зўравонликларни ўлчаш учун статистик индикаторларнинг бирламчи тўплами – 6 та индикаторлардан ташкил топган бўлиб, БМТнинг Статистик комиссиясининг 2009 йилда бўлиб ўтган 40-чи сессиясида тасдиқланган эди.
БМТнинг Статистик комиссияси томонидан ишлаб чиқилган ва аёлларга қарши зўравонликни ўлчашга оид тақдим этилаётган статистик индикаторлар ҳаёти давомида зўравонликка дучор бўлган аёлларнинг умумий сони, ёши бўйича фоизи, олган тан жароҳати бўйича фоизи, тан жароҳатини етказган шахс билан бўлган муносабати ва бундай ҳаракатларни қайта содир этилиши фоизи бўйича йиғилган каби кўрсаткичлардан иборат.
Қайд этиш лозимки, Ўзбекистонда оила институтини мустаҳкамлаш бўйича, энг аввало, “Соғлом оила – соғлом жамият” ғоясини ҳаётга татбиқ этишга йўналтирилган ягона давлат сиёсатини олиб бориш, нотинч ва муаммоли оилаларга манзилли кўмаклашишни ташкил этиш давлат даражасида олиб борилмоқда.
Мамлакатимизда хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларга нисбатан бўлиши мумкин бўлган тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Гендер тенгликни таъминлаш комиссияси томонидан БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси (ЮНФПА) кўмагида Фуқаролик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш маркази билан биргаликда жорий йилнинг 10 апрель кунидан “Ишонч телефони” хизмати йўлга қўйилган. Шу билан бир қаторда “Оила” маркази томонидан мазкур соҳада тадиқоқтлар ўтказиб келинмоқда. 
Ҳозирда юқори қайд этилган индикаторлар асосида оилавий зўравонликни бартараф этиш мақсадида жамиятда тегишли социологик таҳлилларни ўтказиш, бу борадаги жамоат фикрини ўрганиб, оилаларда тинчлик ва осойишталикни ўрнатиш масаллари Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг доимий диққат марказида бўлиб, бу борада илмий-амалий тадқиқотлар режалаштирилмоқда.

А.Туляганов
юридик фанлари доктори,
«Оила» маркази эксперти