ОИЛА ВА РЕПРОДУКТИВ САЛОМАТЛИК

Кеча, 12 март куни «Оила» илмий-амалий тадқиқот марказида оиланинг репродуктив саломатлиги ва демографик ривожланишини, унинг фаровонлиги ва хотиржамлигини ошириш масалаларини комплекс ўрганишни ташкил этиш йўналиши бўйича “Ўзбекистон Республикасида оилаларнинг демографик ривожланиш концепцияси ва дастурини амалга ошириш йўналишлари” мавзусида ўтказилган тадқиқот натижаларига бағишланган илмий семинар бўлиб ўтди.

Семинарда Марказ директори ўринбосари Д.Каримова оиланинг репродуктив саломатлиги ва демографик ривожланиши, унинг фаровонлиги ва хотиржамлигини ошириш масалаларини комплекс ўрганишни ташкил этиш долзарб масалалардан бири экани ва унинг илмий-амалий моҳияти ҳақида гаприб ўтди. Жумладан, у Ўзбекистонда оиланинг демографик ривожланиш тенденциялари ва муаммоларини аниқлаш, республика ва ҳудудлар кесимида демографик вазиятни таҳлил қилиш,  никоҳ ва ажралиш кўрсаткичларини таҳлил қилиш ва оилаларни манзилли ижтимоий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтди.

 Семинарда “Ўзбекистон Республикасида оилаларнинг демографик ривожланиш концепцияси ва дастурини амалга ошириш йўналишлари” мавзусидаги тадқиқот натижалари ҳақида Республика аҳоли бандлиги ва меҳнатни муҳофаза қилиш илмий маркази директори ўринбосари Б.Алимухамедов маъруза қилди.

Тадқиқот жараёнида, деб қайд этди Б.Алимухамедов, – оилаларнинг демографик ривожланиш сиёсатини ишлаб чиқиш бўйича хорижий тажриба ўрганилди. Оилаларнинг демографик ривожланиш Концепциясининг мақсади, вазифалари, асосий йўналишлари белгиланди ва оилаларнинг  2030 йилгача демографик ривожланиш дастурини ишлаб чиқиш ва оилаларни давлат томонидан иқтисодий қўллаб-қувватлашни кучайтириш масалаларига эътибор қаратилди.

Зеро, ҳозир Ўзбекистонда аҳоли сонининг ўртача йиллик ўсиш суръати ортмоқда. Хусусан, 2000 йилда доимий аҳоли сонининг ўртача йиллик ўсиш суръати   1,3 %ни ташкил этган бўлса, 2011 йилда бу кўрсаткич – 1,5%, 2015 йилда – 1,8 %, 2019 йилда 2,0 %га тенг бўлди.   Аҳолининг ёш таркибида ҳам ўзгаришлар кузатилди. Жумладан, аҳоли таркибида меҳнатга қобилиятли ёшгача бўлган аҳоли (болалар ва ўсмирлар) улуши ортмоқда. Хусусан, 2015 йилда доимий аҳоли таркибида меҳнатга қобилиятли ёшгача бўлган аҳолининг улуши 29,9 %ни ташкил этган бўлса, 2019 йилга келиб бу кўрсаткич 30,4 %га тенг бўлди.

Илмий семинар ишида Ўзбекистон Республикаси Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Д.Ташмухамедова иштирок этди ва у мазкур илмий тадқиқотда, хусусан концепция лойиҳасини тайёрлашда Ўзбекистонда оилалар демографик ривожланиш дастурининг манзилли чора-тадбирлар тизими, босқичлари ва уни амалга оширишдан кутилаётган натижаларга, хусусан ёшларни иш билан таъминлаш масалаларига катта эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлаб ўтди.

Матбуот хизмати