ТЎЙ ВА ОИЛАВИЙ ТАНТАНАЛАР ГЎЗАЛ ВА ИХЧАМ ЎТСИН!

“Оила” илмий-амалий  тадқиқот марказининг ҳудудий бошқармалари томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий мажлиси қонунчилик палатаси ва Ўзбекистон Республикаси Олий мажлиси Сенатининг “Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисидаги” қўшма қарори ижросига оид бир қатор ишлар амалга оширилиб келмоқда.

Жумладан, “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази вакиллари республиканинг барча ҳудудларида ташкил этилган комиссиялар таркибида тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ихчам, исрофгарчиликсиз ва белгиланган талаблар асосида ўтказиш бўйича аҳоли ўртасида тарғибот ишларини олиб бормоқда.

Масалан, “Оила” марказининг Тошкент шаҳри туман бўлимлари томонидан 514 маҳаллалардаги комиссия аъзоси сифатида тўйхоналарга бириктирилиб, тўй ва бошқа маросимларни ўзига хос, бир-биридан гўзал, ихчам ва тартбли ўтказилишини назорати олиб борилмоқда.

Тошкент шаҳри бўйича тўй қилишни режалаштирган 115 та оиланинг хонадон соҳиблари, 230 жуфт келин-куёвлар билан тўйларни ихчам, ортиқча исрофгарчиликсиз ўтказиш юзасидан якка тартибда суҳбатлар ўтказилди.

Тошкент шаҳар маҳаллалар кенгаши билан ҳамкорликда “Файзли тўй” лойиҳаси ташкил этилиб, шу кунга қадар 115 та тўй маросими Низомдан четга чиқмаган ҳолда ўтказилди, ҳаттоки тўй ва ош маросимларини ресторан, тўйхона ёки кафеларда эмас, балки уйда ўтказилишига эришилди. Аҳоли ўртасида мазкур ҳолатга доимий кўникма ҳосил қилиш мақсадида аҳоли ўртасида, айниқса тўй ўтказишни режалаштирган хонадон соҳиблари ва келин-куёвлар ўртасида тарғибот ишлари давом этмоқда.

Қайд этиш лозимки, “Оила” маркази томонидан 2019 йил ноябрь-декабрь ойларида Тошкент шаҳри аҳолиси ўртасида “Тўйдаги дабдабабозликларнинг оилавий ажримларга таъсири” мавзусида социологик сўров ўтказилган. Сўровномада 188 нафар респондент иштирок этди. Респондентларнинг 115 нафари аёллар (61,2%), 73 нафари (38,8%) эркакларни ташкил этди.

Социологик сўровда иштирок этган аксарият респондентлар кераксиз сарпо-суруқлар, ким ўзарга беҳисоб тоғаралар юбориш, хуллас йиллар двомида емай-ичмай, йиғиб-терганини бир кунда кўкка совуриш оқибатда оиланинг иқтисодий аҳволига, фаровонлигига салбий таъсир қилаётганини, қолаверса, қуда-андалар ўртасида уятли низолар келиб чиқиши ва ажрашишларга сабаб бўлётганини куйинчаклик билан қайд этишган.

Респодентлар дабдабали тўй, саноғи йўқ сарполар ҳеч қачон бахтга кафолат бўлмаган. Лекин фарзандни комил инсон этиб, беназир илм-ҳунар соҳибини тарбиялаган ота-она ҳамиша эл дуосини олган, дея таъкидлаб ўтган.

 

“Оила” маркази матбуот хизмати