ОИЛАЛАРНИ ИЖТИМОИЙ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ ТИЗИМИ ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИЛАДИ

Куни кеча мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида “Обод ва хавфсиз маҳалла” янги тизимини жорий этиш, жиноятчиликни олдини олиш бўйича устувор вазифаларга бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида мамлакатимиз ижтимоий-маънавий ҳаётига дахлдор бўлган долзарб масалалар муҳокама қилинди ҳамда устувор вазифалар белгилаб олинди.

Хусусан, жамиятимизда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, маҳаллаларни жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантириш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари роли ва мавқеини янада ошириш, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш билан бир қаторда оила институтини мустаҳкамлашга қаратилган қатор ғоялар илгари сурилди.

Давлатимиз раҳбари ўз маърузасида мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий, маънавий ҳаётида муҳим аҳамиятга эга бўлган маҳалла тизимидаги ишларни атрофлича муҳокама қилиб, асосий вазифаларга эътибор қаратди.

Сўнгги 3 йилда жамиятимизнинг энг муҳим ва таянч бўғини ҳисобланган маҳалла институтини халқимизнинг чинакам маслакдоши ва кўмакдошига айлантириш борасида қатор амалий чоралар кўрилганлиги, шу жумладан маҳалла институтига оид 38 та қонун ва меъёрий ҳужжатлар қабул қилинганлиги, 50дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар такомиллаштирилганлиги таъкидлаб ўтилди.

Шу билан бирга, маҳаллаларда ва оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитга салбий таъсир кўрсатувчи ҳолатларнинг олдини олиш бўйича самарали тизим йўлга қўйилмаганлиги натижасида 2 мингга яқин маҳаллада жиноятчилик ошганлиги, айрим ҳудудларда нотинч оилалар кўпайганлиги, хотин-қизлар ва вояга етмаганлар ўртасида ўз жонига қасд ва суиқасд қилиш ҳолатлари учраётганлиги алоҳида қайд этиб ўтдилар.

Кўрилаётган қатор амалий чора ва тадбирларга қарамасдан ажримлар сонини кескин камайтиришга ҳанузгача эришмаганлигимиз, бу борада “Оила – муқаддас” деган азалий ва эзгу ғоя қадрсизланиб, минг йиллик миллий қадриятларимиз завол топар экан, бу каби оғриқли ҳолатларни камайтириб бўлмаслиги ҳақида сўз юритдилар.

Дарҳақиқат, Президентимиз тўғри таъкидлаганидек, ҳар қайси мамлакат, ҳар қайси халқ ҳаётида Шахс – Оила – Жамият – Давлат деган тушунча ва қадриятлар ҳал қилувчи ўрин тутади.

Оила – бу мўъжаз Ватан бўлиб,  фарзандларимиз мана шу муқаддас масканда ўсиб-улғаяди, етук инсонлар этиб тарбияланади. Шу боисдан ҳам улар ибратли оилада камол топиши ҳақида қанча ғамхўрлик қилсак ҳам кам.

Ҳозирда мамлакатда 8,3 миллиондан ортиқ оила мавжуд бўлиб, уларнинг 2 миллиондан ортиғи ёш оилалардир.

Оила институтини мустаҳкамлаш мақсадида ўтган 3 йил мобайнида Давлатимиз Раҳбарининг ташаббуси билан илк бор “Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш концепцияси” қабул қилинди, “Ибратли оила” республика кўрик-танлови ўтказиш йўлга қўйилди ҳамда ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш тизими яратилди.

Шу билан бирга, маҳаллаларда ва оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитга салбий таъсир кўрсатувчи ҳолатларнинг олдини олиш бўйича самарали тизимни шиддат билан ривожланаётган даврнинг ўзи тақозо этаётган эди. Бу борада Юртбошимизнинг ташаббуслари билан мутлақо янги тизим – “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойилини жорий этиш зарурлиги илгари сурилди.

Хўш ушбу тамойилнинг мазмун-моҳиятида нима ётади? “Обод маҳалла”, “Хавфсиз маҳалла” деганда нимани тушунамиз.

Йиғилишда Президентимиз ушбу масаланинг долзарблиги ва аҳамияти ҳақида сўз юритар экан, бу борада “обод маҳалла” деганда, кўз олдимизга аввало фаровон оилалар, қадриятлар бешиги бўлган маҳаллада ўсиб-улғаётган маънавий ва жисмоний баркамол ёшлар, кўркам қишлоқларимиз, замонавий ва файзли маҳаллаларимиз келишини таъкидлаб ўтдилар. “Хавфсиз маҳалла” деганда эса тинчлик ва осойишталик ҳукм сураётган, жамоат хавфсизлиги тўлиқ таъминланган, жиноятчиликдан ҳоли аҳоли масканларини назарда тутишимиз лозимлигини эътироф этдилар.

Айни пайтда, “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойилини жорий этиш, маҳаллаларда тўпланиб қолган муаммо ва камчиликларга самарали ечим топиш, ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, мусаффо осмонимизни асраб-авайлаш йўлида барча саъй-ҳаракатларни бирлаштириш мақсадида Маҳалла ва оила масалалари вазирлиги ташкил этиш таклиф этилди.

Янги вазирлик шу пайтга қадар тарқоқ ҳолатда фаолият кўрсатган ташкилотларнинг эндиликда “бир ёқадан бош чиқариб”, ягона мақсад йўлида фаолият кўрсатишларини таъминлайди.

Ушбу янги тузилманинг ташкил этилиши ва фаолият кўрсатиши энг аввало маҳалладан тортиб, республика даражасигача бўлган яхлит тизимни таъминлашга хизмат қилади.

Энг муҳими, эндиликда оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш, хотин-қизлар муаммоларини самарали ечиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, аёлларимиз ва нуронийларимизнинг жамиятдаги ўрни ва ролини ҳамда ижтимоий фаоллигини оширишга қаратилган чора-тадбирлар тизими кучаяди.

Бундан ташқари, бир-бири билан узвий боғлиқ маҳалла ва оила институтларини мустаҳкамлаш, улар бўйича олиб борилаётган тадқиқотлар кўламини кенгайтириш ва натижаларини амалиётга жорий этиш тизимини такомиллаштириш мақсадида “Оила” ва “Маҳалла зиёси” марказлари негизида “Маҳалла ва оила” илмий тадқиқот институтини ташкил этиш ҳақидаги Президентимиз ташаббуси бизни қувонтирди.

Чунки, бизнинг маҳаллаларимиз миллий менталитетимиз кўзгуси бўлиб, бежизга халқимиз орасида “Маҳалла – ҳам ота, ҳам она” деган ҳикматли нақл айтилмаган.

Оилалар эса маҳаллаларда истиқомат қилади, уларнинг қанчалик мустаҳкам бўлишларида, фарзандларимизнинг баркамол бўлиб вояга етишларида маҳаллалар катта ўрин эгаллайди.

Бинобарин, янги ташкил этиладиган институт маҳалла ва оила масалаларининг чуқур тадқиқ этилишини, улардаги муаммолар ечими бўйича илмий асосланган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилишини таъминлайди.

  

Дилбар АЛИМЖАНОВА,
Оила” илмий-амалий тадқиқот
маркази директори ўринбосари