ФАОЛИЯТ САРҲИСОБИ

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази томонидан 2 йил давомида оила институтини ривожлантириш соҳасида 39 дан ортиқ тадқиқотлар ўтказилиб, ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда оила соҳасидаги қонунчиликни инвентаризация қилиш орқали Оила кодексининг 50 та моддаси ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича, 28 та Қонун лойиҳаларига таклифлар берилди.  

Амалга оширилган тадқиқотлар натижасида ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда 66203 та оила муҳокама қилиниб, 52733 тасининг ажрашиши олди олинди, 77872 нафар болалар ярим етимликдан сақлаб қолинди. 22530 та нотинч оилалар базаси яратилиб, 10395 та оиланинг нотинчлик сабаблари ўрганилди, ҳамкор ташкилотлар билан манзилли ёрдам кўрсатилиб, нотинч оила рўйҳатидан чиқарилди.  11000 дан ортиқ оғир ҳаётий вазиятдаги оилага аниқ манзилли чоралар қўлланилиб, муаммолари ҳал қилинди.

Жумладан, Фуқаролар йиғинининг Яраштириш комиссияси фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқиш, низоли вазиятда бўлган оилалар билан иш ташкил қилишнинг янги шакллари ва усулларини жорий этиш бўйича тадқиқот ўтказилиб, тавсиялар ишлаб чиқилди, оилавий низоларнинг ҳал қилишнинг муқобил шакли сифатида оилавий медиация усули жорий этилди. 

“Ўзбекистонда оила 2013-2017 йилларда” статистик тўплами, “Оилаларнинг ижтимоий-демографик ҳолатини индексли баҳолаш” номли рисола яратилиб, чоп этилди.

Марказ томонидан “Оила энциклопедияси” 10 000 нусхада чоп этилди ва маҳаллий ҳокимликлар, ҳамкор давлат ва жамоат ташкилотлари, ҳудудий бўлимларга хизмат доирасида фойдаланиш учун тақдим этилди.

Оила институтини ривожлантириш борасидаги ислоҳотларни ёритиш мақсадида “Марказий Осиёда жамият, гендер ва оила” номли икки тилдаги халқаро илмий журнал таъсис этилиб, журналнинг биринчи сонига 8 та мақола киритилди.

30 дан ортиқ республика ва ҳудудий конференциялар, 2000 дан зиёд семинарлар ташкил этилди.

Оилавий қадриятларни асраб-авайлаш ва ривожлантириш, намунали оилаларнинг ҳаётий тажрибаларини оммалаштириш мақсадида  “Ибратли оила” республика кўрик-танловини босқичма-босқич ўтказиш тизими яратилди. «Ибратли оила» танловида республика бўйича 70 000 га яқин оилалар танлов билан қамраб олинди.

2 млн. 966 мингдан зиёд намунали оилаларнинг худудлар кесимида маълумотлар базаси яратилди, 11 мингдан ортиқ муаммоли, эҳтиёжманд оилалар аниқланиб, улар биттадан намунали оилага бириктирилди.

Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш бўйича Марказ томонидан “Бўлғуси келин-куёвлар инновацион мактаб”ининг модели ишлаб чиқилиб, аппробациядан ўтказилди. Бугунги кунда республика бўйича 152 та инновацион мактаб фаолият кўрсатмоқда, уларга 400 дан зиёд мутахассис-экспертлар жалб этилди. 61 119 нафар йигит-қизлар оила сабоқлари тўғрисида билим олди ва сертификат билан тақдирланишди. Энг қувонарли ҳолатлардан бири, ушбу оилалар мониторинг қилинганида ажралиш ҳолатлари қайд этилмади.

Ҳудудлардаги ўқув курсларида 427 та гуруҳда 9100 та маҳалла мутахассислари таҳсил олди. Шунингдек, Сурхондарё вилоятида 497 нафар профилактика инспектори, Фарғона вилоятида 1035 нафар янги сайланган маҳалла фуқаролар йиғини раислари, Самарқанд вилоятида 2029 нафар, Сурхондарё вилоятида 365 нафар амалиётчи психологларнинг малакаси оширилди.

Ахборот-коммуникация технологиялари ва Интернет тармоғининг оила мустаҳкамлигига ва ривожига таъсирини ўрганиш бўйича “АКТ орқали мустаҳкам оила сари” пилот лойиҳаси республикамизнинг Нукус, Урганч, Фарғона, Қарши, Самарқанд шаҳарларида ўтказилиб, 848 нафар муаммоли оила вакиллари махсус ўқув курсини якунлади. 

Натижада 257 нафари иш билан таъминланди, 246 нафарида оиладаги муаммоли вазиятлар ўз ечимини топди, 78 нафари Ёшлар иттифоқи кўмагида ТАТУ қошидаги 3-ойлик ўқув курсларида ўқишини давом эттирди.

48700 дан ортиқ тарғибот тадбирлари ташкил этилиб, уларда 2 067 000 аҳоли иштирок этди.

 “Оила” маркази матбуот хизмати