ТУРМУШ ҚУРАЁТГАН ЁШЛАР ҲАЁТГА ТАЙЁРМИ?

“Оила” илмий-амалий тадқиқот марказининг оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича курслари давом этмоқда. Ўтган семинар-тренингларда марказнинг вилоят бошқарма бошлиқлари учун ўқувлар ташкил этилган бўлса, навбатдаги машғулотларда туман ва шаҳар бўлим раҳбарлари малака оширмоқда.

Республикамизнинг барча туман ва шаҳарларидан ташриф буюрган тингловчилар бир ҳафта давом этадиган машғулотларда “Тиббий маданият асослари”, “Патронаж хизмати”, “Супервизия”, “Демографиянинг асосий тушунчалари” каби иш жараёнида зарур бўлган мавзуларни ўрганишмоқда.

—Ўтган йили ҳудудимизда 158 та ажрим содир бўлган, —дейди “Оила” марказининг Наманган тумани бўлими бошлиғи Илхомжон Каримов. — Биз мазкур ажримларга сабаб бўлаётган омилларни ўрганиш мақсадида ажрашаётган оилалар ўртасида сўровнома ўтказдик. Маълум бўлишича, ажримларгакўпроқ ёшларнинг оилавий ҳаётга тайёр эмаслиги сабаб бўлаётган экан. Бугунги кунда марказ фаолияти доирасида ҳудудларда яраштириш комиссиялари ташкил этилган. Тўғри, бунинг натижасида кўплаб оилалар сақлаб қолинди. Аммо, ажрашиш ёқасида турган оилани сақлаб қолишдан кўра, ёшларни ҳаётга тайёрлаш ва шу йўл билан мустаҳкам оилаларни барпо этиш осон ва самаралидир. Шу мақсадда ҳудудларда ташкил этилаётган “Бўлғуси келин-куёвлар инновацион мактаб”ларидан умидимиз катта. Халқимиз тўйларга ишқибоз. Тезроқ фарзандининг турмуш қуриши, фарзандли бўлишини истайди. Айниқса, Наманган вилояти ёш турмуш қуриш борасида доимо илгари юради. Аммо, фарзанд балоғатга етган бўлса-да унда оила қуриш, эр ёки хотин вазифаларини тўлақонли англаб етиш, ота-она бўлиш масъулияти шаклланиб улгургани билан қизиқишмайди. “Оила қурса, қуйилади” деган халқ орасида таваккалига айтиладиган иборалар ҳар доим ҳам оиланинг бардавомлигини таъминлаб беролмайди. Оиланинг мустаҳкамлиги фақат ҳаётий билим ва кўникма, масъулият ҳисси, меҳр-муҳаббат билан тикланади. Мана шу кўникмаларни ёшларга сингдирганимизга ишонч ҳосил қилганимиздан сўнггина биз катталар уларга турмуш қуриш маслаҳатини беришимиз керак. Бунинг учун “Оила” маркази нафақат ёшлар билан, балки уларнинг ота-онаси бўлмиш катта авлод билан ҳам тушунтириш-тарғибот ишларини самарали олиб бориши лозим.  

Семинарда аҳоли билан яқиндан ишлаш, оила масаласидаги муаммоларни, низоли вазиятларни тинч йўл билан ҳал қилиш каби муҳим жараёнларда қандай йўл тутмоқ кераклиги ўрганиляпти. Шунингдек, мутахассислар ўз ҳудудларидаги аҳоли хусусиятлари, муаммоларини ўртага ташлаган ҳолда, ўзаро фикр ва тажриба алмашиш имкониятига эга бўлдилар.