“Оила” маркази томонидан яна бир лойиҳага старт берилди

     Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази ҳам оила институтини мустаҳкамлаш, замонавий намунали оилалар сафини кенгайтириш, оила аъзоларининг бандлигини таъминлаш орқали фаровонликни ошириш, фаолият самарадорлигини таъминлаш мақсадида ахборот-коммуникация технологияларининг имкониятларидан самарали фойдаланиб, янги ғоя ва ташаббусларни илгари сурмоқда.

     Хусусан, Марказ томонидан Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Тошкент Ахборот технологиялари университети, Тошкент шаҳридаги Инха университети ҳамкорлигида яна бир янги лойиҳага қўл урилгани диққатга сазовор.

     Гап шундаки, оғир ҳаётий шароитга тушиб қолган оила аъзоларининг мушкул вазиятдан чиқиб кетишларига йўналтирилган мазкур лойиҳа доирасида ҳудудларда умумий ҳажми 20 соатлик ўқув курсларига старт берилмоқда. Ҳозирча Тошкент шаҳридан ташқари Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Самарқанд, Фарғона, Қашқадарё вилоятларида амалга оширилиши мўлжалланган лойиҳада қийин аҳволдаги оилалар вакилларига қисқа муддатли ўқув курсларида бир ҳафта мобайнида ахборот-комуникация технологияларидан фойдаланиш кўникмалари ўргатиб борилади. Бунда асосий эътибор, энг аввало, коммуникация тизимларининг мақсад ва вазифалари, жумладан, компьютер ва мобиль қурилмалари, интернет тармоғи билан ишлаш малакаси, шунингдек, давлат ва нодавлат ташкилотларнинг веб-сайтлари, ижтимоий тармоқларнинг ўрни ва роли, онлайн тарзда йўлга қўйилган давлат хизматлари кўрсатиш асосларига қаратилади. Ўз навбатида, психологик омилларга ҳам жиддий аҳамият қаратилиб, руҳий тушкунликдан чиқиб кетишда электрон адабиётлар, аудио-видео материалларга мурожаат қилиш кўникмаларидан алоҳида сабоқлар берилади.

     Бу лойиҳани амалга оширишдан пировард мақсад эса, ўз ҳаётида турфа хил оилавий муаммоларга дуч келган оила вакиллари замонавий коммуникация технологияларидан фойдаланиш орқали билими ва дунёқарашини ошириш, ахборот олиш, иш излаш, пировардида, ўзига бўлган ишончини мустаҳкамлаб, ҳаётга теран нигоҳ билан боқишга ундашдир.

     Ушбу ўқув курсининг илк синов лойиҳаси “Оила” маркази ташаббуси билан Тошкент шаҳридаги Инха университети ҳамкорлигида ўтган йилнинг март-июль ойларида Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида муваффақиятли амалга оширилганини таъкидлаш жоиз. Унда иштирок этган оғир ҳаётий вазиятдаги оила аъзолари ахборот-коммуникация, хусусан, компьютер технологиялари дастурларидан фойдаланиш бўйича бошланғич кўникмаларга эга бўлиб, шу орқали ўз саъй-ҳаракатлари билан ишга жойлашишган эди.

     Демак, мазкур лойиҳани такомиллаштирган ҳолда, айниқса, республикамизнинг энг чекка ҳудудларида ҳаётга жорий этиш кутилган натижани беришига умид қилиш мумкин. Яъни, қийин шароитда турмуш кечираётган оилаларнинг мавжуд муаммодан қандай қилиб чиқиб кетиш, ён-веридаги ўзига ўхшаган бошқа шахсларга ҳам маслаҳат бериш, йўл-йўриқ кўрсатиш, мустақил фикр юритиш ва мустақил қарор қабул қилишга ўрганиши, руҳий мувозанатини барқарорлаштириш, бандлигини таъминлашда ушбу ўқув курслари долзарб ўрин тутиши шубҳасиз.

“Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази томонидан қатор ташкилотлар ҳамкорлигида мазкур лойиҳага тажрибали тренерларни жалб этиш, машғулотлар мавзулари ва дастурларини шакллантириш, методик таъминлаш ҳамда фаолиятни бошлаш мақсадида жорий йилнинг 29 январь куни ташкил этилган ўқув семинарида юқоридаги масалалар юзасидан ўзаро фикр алмашилди.

     Анжуманда сўз олган Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази директори, Олий Мажлис Сенати аъзоси Дилором Тошмуҳамедова ва бошқалар оила институтини мустаҳкамлаш соҳасига энг илғор ва замонавий ахборот технологияларини жорий этиш келгусида муайян натижаларга эришиш гарови экани хусусида тўхталиб ўтдилар.

     Семинарда яна шу нарса таъкидландики, 6 ой мобайнида мазкур лойиҳада фаол иштирок этиб, ўз билим ва кўникмаларини юқори даражада намоён этган иштирокчиларга Тошкент Ахборот технологиялари университетида ўқиб, малакали мутахассислар бўлиб етишишлари учун имтиёзли имкониятлар берилади.

     Ҳар бир ўқув курсида тизимли равишда 15 нафардан оғир ҳаётий вазиятга тушган оила вакилларига билим бериб борилади ва уни муваффақиятли тамомлаган тингловчилар сертификат билан тақдирланадилар.

     Ўқув семинарда “Оила” маркази томонидан пилот лойиҳада иштирок этган қатнашчиларга сертификатлар ва совғалар тақдим этилди.