"ОИЛА" ИЛМИЙ-АМАЛИЙ ТАДҚИҚОТ МАРКАЗИНИНГ СИРДАРЁ ВИЛОЯТИДАГИ ФАОЛИЯТИ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ

Ўзбекистон Руспубликаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази раҳбари, сенатор Дилором Тошмухамедова 2019 йил 8 апрель куни Сирдарё вилоятига ташриф буюриб, “Оила” марказининг вилоят бошқармаси томонидан амалга оширилаётган ишлар кўлами билан танишди.

Дастлаб Сирдарё вилояти бошқармаси ходимлари, туман, шаҳар раҳбарлари ва мутахассислари иштирокида йиғилиш ўтказилиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 февралдаги “Хотин-қизлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш борасида  амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар муҳокама қилинди. Йиғилишда сўз олган барча туман ва шаҳар бўлим раҳбарлари оилавий ва ижтимоий муаммолар борасида ўз ҳудудларидаги мавжуд вазият, ютуқ ва камчиликлар ҳақида маълумот бердилар.

Сўнгги вақтларда “Оила” марказининг ижтимоий кўмакка муҳтож аҳоли қатлами ва ажрим ёқасидаги оилалар билан яқиндан муносабат ўрнатиши натижасида кўплаб муаммоларнинг туб моҳияти аниқланиб, уларга амалий чоралар кўриляпти. Мана шу жараёнда бевосита фаолият юритаётган, оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишга ҳам катта урғу бериляпти. Зеро мазкур мутахассислар муаммоли вазиятларнинг олдини олиш, аҳолига психологик ва ҳуқуқий жиҳатдан оқилона маслаҳатлар билан тўғри йўл кўрсатишнинг уддасидан чиқа олишлари талаб этилади. Шу боис йиғилишда “Оила” маркази томонидан туман (шаҳар) раҳбарлари учун ташкил этилган ўқув курсларида олинган билим ва кўникмаларни иш фаолиятига тадбиқ этиш қанчалик натижа бераётганлиги ҳам таҳлил қилинди.

Сўнгги вақтда жойларда  ташкил этилган “Бўлғуси келин-куёвлар инновацион мактаби” ва тиббиёт муассасалари қошидаги  “Аёллар маслаҳатхонаси” фаолияти  воситасида мустаҳкам ва соғлом оилаларнинг вужудга келишига замин ҳозирланяпти. Ўсмир ёшидаги қизларни соғлом турмуш тарзига тайёрлаш, уларга жисмоний ўзгаришлар борасида тушунча беришда Аёллар маслаҳатхоналарининг ўрни катта. “Булғуси келин-куёвлар инновацион мактаби” эса турмуш қуриш остонасида турган йигит-қизларга оила масъулияти, эр ва хотинлик, қариндошлик муносабатларини сингдиришга хизмат қилмоқда. Йиғилишда Дилором Тошмухамедова мазкур мактаб фаолиятини тўғри йўлга қўйиш, никоҳдан ўтиш учун ФҲДЁга ариза берган ҳар бир жуфтликни мактабга жалб этиш, уларнинг давоматини таъминлаш, дарс машғулотларини қизиқарли, янги инновацион услубда ўтишга эришиш, машғулотларга тажрибали мутахассисларни жалб этиш, маърузаларнинг мазмун жиҳатдан самарали бўлишини назорат қилиб бориш тўғрисида тушунтириб ўтди.

Келгусида Аёллар маслаҳатхоналари фаолиятини янада такомиллаштириб, ўсмир қизларнинг тиббий саводхонлигини ошириш мақсадида  тажрибали шифокор, психологларни жалб қилиш, улар билан суҳбатлар ўтказиш режалаштириляпти.

Йиғилиш якунида ҳар бир ҳудуд раҳбари ўзига тегишли бўлган вазифаларни белгилаб олди.

Шундан сўнг, Дилором Тошмухамедова “Оила” илмий-амалий тадқиқот марказининг Сирдарё вилояти бошқармасига ажратилган бинонинг таъмирлаш ишлари билан танишди.