ТЎҒРИ САЙЛАНГАН НОМЗОД МАҲАЛЛА ОБОДЛИГИНИ ТАЪМИНЛАЙДИ

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази раҳбари, сенатор Дилором Тошмухамедова 8 апрель куни Сирдарё вилоятига қилган ташрифи чоғида Олий Мажлис сенаторлиги ваколати доирасида вилоят Касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасида селектор йиғилиши ўтказди.  

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2019 йил 15 февралдаги “Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги Қарорида белгиланган вазифалар ижросини  таъминлаш борасидаги жараёнлар муҳокама қилинди.

Юртимизда кейинги йилларда маҳалла фуқаролар йиғинлари фаолиятини такомиллаштириш мақсадида қатор чора-тадбирлар амалга ошириляпти. Жумладан, Президентимизнинг 2019 йил 2 апрелдаги “Аҳоли муаммолари билан ишлашда маҳалла институтининг мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида ҳам қатор кўрсатмалар белгиланди. Айниқса, фуқаролар йиғинлари раислари ва масъул котибларининг ойлик иш ҳақи фондини жорий йилда босқичма-босқич 1,5 бараварга ошириш борасидаги таклиф тизимдаги ислоҳотларнинг сезиларли даражада ортишига хизмат қилиши тайин. Зеро, ушбу ходимларнинг ойлик иш ҳақи жорий йил 1 майдан 1,25 бараварга ва 1 октябрдан 1,2 бараварга оширилиши улардаги ишчанлик кайфиятига ижобий таъсир кўрсатади.

Айни пайтда сайловни юқори савияда ташкил этиш ва ўтказиш борасида жойларда кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгашида сайловга оид маълумотларни умумлаштириш ва таҳлил қилиш, оммавий ахборот воситалари ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўйича Республика комиссиясининг штаби тузилди.

Селектор йиғилишида сайловни ташкил этиш жараёнлари таҳлил қилиниб, мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича кўрсатмалар берилди.