“ОИЛА — БАХТ ҚЎРҒОНИ”

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази иш бошлаганига бир йил тўлиш арафасида. Шу кунга қадар марказ ва унинг ҳудудий бошқарма ва бўлимлари томонидан оила институтини мустаҳкамлаш, оилавий ажримларнинг олдини олиш борасида  кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Марказнинг Қорақалпоғистон Республикаси бошкармаси ва унинг 16 та шаҳар ва туман бўлимлари томонидан оилавий ажримларнинг олдини олиш борасида олиб борилаётган бир йиллик ишларни кўздан кечирар эканмиз, ҳаракатлар, кўрилган чоралар ўзининг ижобий натижасини бера бошлаганини англаш мумкин. Бу ҳамкор ташкилотлар билан аҳоли орасида ўтказилаётган тарғибот ишларининг самарадорлигидан далолат беради. Жумладан, Республика Соғлиқни сақлаш, Ички ишлар, Бандлик ва меҳнат вазирликлари, Хотин-қизлар қўмитаси, Ёшлар иттифоқи, фуқороларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари каби ташкилотлар билан ҳамкорликда оилаларнинг мустаҳкамлигини таъминлаш, фаровонлигини ошириш, ёшларни  оилавий ҳаётга тайёрлаш борасида олиб борилаётган амалий ишларга аҳолининг ҳам ишонч, эътибори ортиб бормоқда.  

Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш мақсадида ташкил этилган “Бўлғуси келин-куёвлар инновацион мактаб"лари ҳам айни кунларда ёшларда қизиқиш уйғотмоқда. Кўпчилик бу мактабнинг қанчалик зарурлигини англаб етяпти.

Мазкур мактабда оила қуриш арафасидаги ёш йигит ва қизлар икки ҳафта давомида оила психологияси, эр-хотинлик муносабатлари, диний-маънавий тарбия, оиладаги ҳуқуқий муносабатлар, репродуктив саломатлик, оила бюджети ва иқтисодиёти, фарзанд тарибиясига оид мавзулардаги дарсларда қатнашишмоқда. Дарслар олий ўқув юртларининг тажрибали профессор-ўқитувчилари, намунали оила бекалари томонидан олиб бориляпти. Катта турмуш тажрибасига эга онахонлар оиладаги аҳилликни сақлашда қайнона ва келин муносабатлари тўғрисида бўлажак келинларни оилага тайёрлашга ҳисса қўшишяпти.

Малака оширган ёш келин-куёвларга ўқитиш жараёнида “Мустаҳкам оилага йўлланма” ён дафтарчаси тарқатилди. Бундан ташқари “Мустаҳкам оила сари”, “Репродуктив саломатлик” сингари мавзуларда видео роликлар қўйиб берилди.

“Бўлғуси келин-куёвлар инновацион мактаби" жорий йилда Қорақалпоғистон Республикасининг энг чекка ҳудудларининг бири бўлган, Орол денгизи соҳилида жойлашган  Мўйноқ туманида ҳам ташкил этилди. Ҳозирда у ерда  ҳақиқий бахтли оила эгалари бўлишни ният қилган 10 жуфт ёш келин-куёв оилавий ҳаётга тайёргарлик кўришяпти. Эндиликда Республикамиз бўйлаб “Бўлғуси келин-куёвлар инновацион мактаби” сонини кўпайтириш режаси кўриб чиқиляпти.

Тинч-тотув замонавий оилалар сонини оширишда ёш қизларимизга, биринчи навбатда қайнота ва қайнона, қайнисингиллар  орасидаги муносабатларни ўргатиш жуда ҳам зарур. Шунингдек, келинларга ўз соғликларига катта эътибор қаратишни ўргатиш, йигитларга оила бошлиғилик масъулиятини чуқур сингдириш мақсадга мувофиқ.  

Жамиятнинг асосий бўғини ҳисобланган оилалар  қанчалик мустаҳкам бўлса, мамлакат шунчалик равнақ топади. Мустаҳкам ришталар асосида яшаб келаётган оилаларда кучли интеллектуал салоҳиятга эга, соғлом фарзандлар камолга етади.  Адабиётшунос олим Озод Шарафиддиновнинг таърифи билан айтганда ҳар бир инсон учун “Оила — бахт фабрикаси” бўлиши керак. 

Роза ҲАМИДОВА
Оила маркази Қорақалпоғистон Республикаси
бошқармасининг етакчи мутахассиси