ОИЛАНГИЗГА МУВАФФАҚИЯТЛАР УЛАШИНГ!

“Уч йил давомида мен ишсиз эдим. Оилали, 3 нафар фарзанди бўлган эркак касби, даромад оладиган иши бўлмаса оилада ҳам мавқеини аста-секин йўқота бошлайди. Айримлар шу муаммолар сабабли чет давлатларга ишлашга кетади. Мен эса оиламдан узилишни истамадим. Болаларим ўсмир ёшда.Улар оилада отанинг ўрни, назорати, қўллаб-қувватлашини ҳис қилиб яшашларини истайман. Ўрганишнинг эрта-кечи йўқ экан, мен ҳунар ўрганишга қарор қилдим. Туманимиз марказидаги мебель ишлаб чиқариш цехида оддий ишчи бўлиб иш бошладим. Усталардан мебель материалларини кесиш, ясаш ишларини ўргандим. Малакамни янада оширишда менда компьютер саводхонлиги йўқлиги тўсиқ бўлаётганди. “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази томонидан ташкил этилган бир ҳафталик ўқув курси ҳақида хабар топиб, унда иштирок этдим. Курс давомида компьютерда мебель дизайнини яратиш, ўлчов олиш ва бошқа ўзимга керак кўникмаларни эгалладим. Аста-секин ишларим юришиб, оиламнинг барча таъминотини бекаму-кўст бажара бошлашимга кўзим етяпти. Келажакда ўз хусусий фирмамни очишни мақсад қилдим. Бу борада барча йўл-йўриқлар, маркетинг ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни, касбимга оид янги маълумотларни интернет манбасидан топиб, маҳоратим ва билимимни оширяпман. Изланган инсонга барча йўллар очиқ эканлигини ўқув курси давомида англаб етдим”.

Икром Азизов, ўқув курси тингловчиси

Ўзбекистон Республикаси “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази томонидан “Ахборот-коммуникация технологиялари орқали мустаҳкам оила сари” лойиҳаси асосида ташкил этилаётган навбатдаги ўқув курсларида Самарқанд шаҳри, Самарқанд тумани ва Пастдарғом туманида яшовчи 34 нафар фуқаролар таҳсил олишди.

Курс иштирокчиси таъкидлаганидек, ҳақиқатан ҳам бугунги кунда изланган, ўз устида ишлаган инсонга барча эшиклар очиқ. Бунинг учун кишида хоҳиш ва ирода бўлса бас. Баъзи бир инсонларда билим ва малака, ҳунар бўлса ҳам ундан пухталик билан фойдаланиш, намойиш этишни билмайдилар. Натижада ўз имкониятлари ортидан даромад ололмайдилар. Аммо ахборот-коммуникация технологиялари ривожланган айни замонда ишбилармон одамлар ўз ижод маҳсулини, хизмат кўрсатиш сервисларини ижтимоий тармоқлар, сайтлар орқали реклама қилиш йўли билан ривожлантириб, катта муваффақиятларга эришяптилар. Айтайлик, уй бекаси ўз қўли билан тўқиган кийимларни телеграм тармоғида канал очиб реклама қила бошлади, бунда унга буюртмалар ёғила бошлади ва шу билан бирга, шогирд тушиш истагина билдирганлар сафи ортиб кетди. Аёл ўқув маркази ташкил қилиб, ўзининг қонуний даромад олиш фаолиятини йўлга қўйиб олди. Кўплаб инсонларга хоҳ у аёл, хоҳ эркак бўлсин, мана шундай имкониятларга йўллай олувчи туртки керак бўлади. “Оила” марказининг мазкур лойиҳаси мана шундай хайрли мақсадда фаолият бошлаган эди. Лойиҳада қийин аҳволдаги оилалар вакиллари, айниқса, ёш оила вакилларига ҳамда ёшларга бир ҳафта мобайнида ахборот-комуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда ўз-ўзига тезкор ёрдам кўрсатиш кўникмалари ўргатиб борилади. Шунингдек, психологик омилларга ҳам жиддий аҳамият қаратилиб, руҳий тушкунликдан чиқишда электрон адабиётлар, аудио, видео материалларга мурожаат қилиш кўникмаларидан алоҳида сабоқлар берилади. Мазкур курс 20 соатга мўлжалланган ўқув дастур асосида олиб борилмоқда.

Ўқув курсининг илк синов лойиҳаси ўтган йилнинг март-июль ойларида Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида муваффақиятли амалга оширилган эди. Унда иштирок этган оғир ҳаётий вазиятдаги оилалар аъзолари ҳисобланган бир гуруҳ хотин-қизлар ахборот-коммуникация, хусусан, компьютер технологиялари дастурларидан фойдаланиш бўйича бошланғич кўникмаларга эга бўлиб, шу орқали ўз саъй-ҳаракатлари билан ишга жойлашишган эди. Шундан сўнг,лойиҳани янада такомиллаштириб, уни республикамизнинг энг чекка ҳудудларида ҳаётга жорий эта бошланди. Жумладан, жорий йилнинг март ойида Хоразм вилоятида ҳам 15 нафар оила вакиллари таҳсил олишмоқда.

Бу сафарги ўқув курсида жамиятда ўз ўрнини топиш, иш фаолиятидаги самарани ошириш, оғир ижтимоий вазиятдан чиқиш истагида бўлган эркаклар қатнашишди.

— Бугун чекка қишлоқларда бир касбнинг бошини тутмаган, тирикчилик важида ўзини дуч келган вақтинчалик меҳнат турига ураётган эркаклар талайгина, — дейди курс иштирокчиларидан бири. — Фикримча, инсон бундай тарзда ҳаёт кечирмаслиги керак. Айниқса, йигит кишининг қўлида аниқ бир ҳунари, тайинли касби бўлиши даркор. Ўтилаётган дарсларнинг ҳеч бири самарасиз кечмапти. Биз ўзимизга керакли барча саволларга жавоб олмоқдамиз.

2019 йил апрел ойи давомида ушбу лойиҳа асосида 20 ёшдан 40 ёшгача бўлган, асосан, ёш оила вакиллари учун Қорақалпоғистон Республикаси, Фарғона, Қашқадарё вилоятларида ҳам бир ҳафталик ўқув курслар ташкил этиш режалаштирилган. Оилаларнинг фаровонлиги эркакларнинг ҳаётий тажрибаси, касбий ютуқларига ҳам боғлиқ. Шундай экан, муваффақиятлар кечикмаслиги ёки кечиккан зафарлар томон олға қадам босинг, уларни ўз оилангизга олиб киринг!