НОТИНЧ ОИЛАЛАР МУАММОЛАРИ ЎРГАНИЛДИ

"Оила" илмий-амалий тадқиқот марказининг барча ҳудудлардаги бўлимлари бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ажрашиш ёқасида турган оилалар билан амалий ишлар олиб бормоқда.

Жумладан, марказнинг Бухоро вилояти Когон шаҳар ва Жондор, Олот, Ромитан туман бўлимлари, туман хотин-қизлар қўмитаси, вилоят ИИБ ходимлари ва МФЙ раислари ўнга яқин хонадонда бўлиб, оилалардаги парокандалик, келишмовчиликларнинг келиб чиқиш сабабларини ўрганишди. Ўрганилган хонадонларда ажралишга арзигулик жиддий сабаблар йўқлиги, оилани сақлаб қолиш имконияти борлиги маълум бўлди. Тушунтиришлар, мавжуд муаммоларнинг олдини олиш борасидаги маслаҳатлар натижасида 6 та  оила яраштирилди. Мазкур оилалар фарзандлари ота-она бағрида бахтли ҳаёт кечиришга муяссар бўлишди. Бундан ташқари, нотинч оилалар билан "Фаровон оила — жамият равнақининг асоси" концептуал ғояни ҳаётга татбиқ қилиш, оилани давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, манзилли ёрдам кўрсатиш, вояга етмаган фарзандлар тарбиясига эьтиборли бўлиш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш  бўйича суҳбатлар олиб борилди.

***

Наманган вилоятининг Чортоқ, Поп туман бўлимлари ходимлари ҳам ўз ҳудудларидаги ажрашиш ўйига тушган оилаларда бўлиб, муаммоларни ўргандилар. Айрим кичик муаммолар туфайли эр-хотинлар ўртасида пайдо бўлган тушунмовчиликлар суҳбатлар давомида юмшатишга эришилди. Натижада 10 га яқин оиланинг 4 таси яраштирилди. 1 тасига ажрим хулосаси берилди. Яна 4 тасига келишиш муддати тавсия қилинди. Бир нафар оиланинг келишмовчилиги диний идора вакилларига йўналтирилди.  

***

"Оила" марказининг Фарғона вилояти Ёзёвон туман бўлими ходимлари 4 та ажрим ёқасига келиб қолган оила билан туман прокурори, туман бош имом хатиби ҳамкорлигида тушунтириш ишлари олиб борди. Натижада икки оилани яраштиришга эришилди ва 2 тасига маслаҳат ва йўл-йўриқлар кўрсатилди. Ўзбекистон туманида шаърий никоҳ асосида яшаб келаётган бир оилага қонуний никоҳдан ўтишда ёрдам кўрсатилди.

***

Андижон вилоятининг Марҳамат тумани бўлими ҳам ҳамкор мутахассислар билан 9 та ажрим арафасидаги оилаларни ўрганиб чиқди, 4 нафар оилани яраштиришга муваффақ бўлинди.