МУНОСИБ РАҒБАТ — ИШДА ҒАЙРАТ

Йилдан-йилга мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида аёллар иштироки ортиб бормоқда. Ўзининг қатъий фуқаролик позициясини намоён қилиб, касбий фаолиятида ҳам катта муваффақиятларга эришиб, тарих зарваррақларида ўчмас из қолдираётган нозик хилқат вакиллари талайгина. “Оила” илмий-амалий тадқиқот марказининг Узун туман бўлими раҳбари Мастура Маъмуржонова ҳам кўплаб оиларни парокандаликдан сақлаб қолиш, яқин қариндошлар ўртасига тушган нифоқларни бартараф этиш, адашган қизларни тўғри йўлга қайтариш каби ҳайрли ишлари билан эл орасида барчага ўрнак бўлиб келмоқда. Мазкур хизматлари учун у Халқаро хотин-қизлар байрами арафасида Президентимиз томонидан  “Дўстлик” ордени билан тақдирланди.

Инсон ўз касбини севса, ҳаётдан мамнун яшайди. Меҳр билан бажарилган ишда эса унум бўлади. Ўз ишининг самарасини кўриш кишига янада шижоат, куч-қувват бағишлайди. Шу тариқа замин  ҳар бир кунни янги маъно ва мазмун билан тўлдириб, тинимсиз айланаверади.

Мастура Маъмуржонова 43 йиллик меҳнат фаолиятини  Узун туманидаги 4-мактабда тарих фани ўқитувчилигидан бошлади. Педагоглик фаолияти даврида  у ёш авлодга таълим-тарбия беришда самарали меҳнат қилди. Ўз ишига масъулият ва меҳр билан ёндашиб келувчи инсон ҳар бир даргоҳда қадр топади. Ундаги юксак инсоний фазилатлар унинг раҳбар лавозимларда ишлашига туртки бўлди. 

Ўзи яшаб келаётган Узун туманида М.Маъмуржоновани барча ҳурмат қилади. Шахсий ҳаётда ва ишда каттаю-кичикка ўрнак бўлиб келгани боис, кўпчилик ундан маслаҳат ва йўл-йўриқ сўраб келган. Унинг бундай хизматлари натижасида кўплаб одамлар ҳаётда, жамиятда ўз ўрнини топишга муваффақ бўлишади. 

2018 йилда у "Оила" илмий-амалий тадқиқот марказининг Узун тумани бўлими раҳбари сифатида иш бошлади. Ёлғиз қолган қарияларнинг ҳолидан хабар олиш, нотинч оилалар билан суҳбат қуриш, туман аҳолисини иш билан таъминлаш каби ҳайрли ишлар унинг кундалик фаолиятига айланган.

Бу қисқа вақт ичида у 92 та оилани яраштиришга муваффақ бўлди. 

— Оила қуриш мураккаб ва масъулиятли қадам, — дейди М.Маъмуржонова. — Унга руҳан, маънан ва жисмонан тайёр бўлиш керак. Тайёргарлик мактаб, коллежлар ва турли ташкилотлар  ҳамкорлигида амалга оширилиши мақсадга мувофиқ. Жумладан, марказимизда бу борада таълим муассасалари ва маҳалла фуқаролар йиғинлари, “Нуроний” жамғармаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Хотин-қизлар қўмитаси, шифокорлар билан самарали ишлар амалга ошириляпти.

Мастура Маъмуржонованинг кучли иродаси, ўз вақтида қабул қилинадиган муҳим  қарорлари, тартиб-интизомини кузатиб "аёл — нозик хилқат вакили" деган иборага шубҳа қиласиз. Унинг зиммасига тушаётган вазифаларни айрим эркаклар ҳам уддалай олмаслигини англайсиз.

У уч маротаба Халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлигига сайланган. Депутат ваколатлари ва дахлсизлигидан фойдаланиб, кўп оилаларга моддий ёрдам берди, маиший ва турмуш муаммолари билан тегишли юқори ташкилотларга мурожаат қилди, халқ манфаатларини устун қўйди. Иқтисодий ночор оилаларнинг иқтидорли фарзандларини олий таълим муассасаларида таҳсил олишига кўмаклашди. 

“Оила” ИАТМ ҳудудий бўлимида ишлашни бошлагач, Мастура опа аниқ механизмни ишлаб чиқди. Бунда оилаларни қуйидаги тоифалар бўйича ажратиб чиқди: намунали, нотинч, кам таъминланган, Ички ишлар вазирлиги ҳисобида турадиганлар ва ҳ.к. Бундай тақсимланиш бир хил муаммоли оилаларни бирлаштириб, манзилли ёрдам кўрсатишга имкон беради.

— Туманимиз юртимизнинг чекка қисмида, Тожикистонга чегарадош ҳудудида жойлашган, — дейди у. — Ўсиб келаётган авлод “оммавий маданият” таъсирини марказларда яшайдиган тенгдошларидек ҳис қилмаслиги бир томондан ижобий ҳолат. Аммо бунинг салбий жиҳатлари ҳам талайгина. Масалан, чекка ҳудудлар аҳолисининг ўз қобиғидан чиқиб кетолмаслиги, тор доирада фикрлаши кўп муаммоларни вужудга келтиради. Аҳоли билан учрашувлар, ёшлар билан суҳбатлар чоғида бунга кўп гувоҳ бўламан. Яқинда бир неча мактабда “Биз шаърий никоҳга қаршимиз” деган мавзуда тадбир ўтказдим. Афсуски, бу борадаги ишни ота-оналар билан ҳам олиб бориш лозимлигига ишонч ҳосил қилдим. Мен бу каби тадбирлардан катта натижа кутмайман ва тингловчилар ўттиз фоиз ахборотни ўзлаштирганидан ҳам хурсанд бўламан. 

Мастура опа доим керак вақтда, керак жойда бўлади. У қўшнилар, қариндошлар, ота-она ва фарзандлар, эр ва хотинларни яраштиради. Ҳар бир оилага кириб, шарт-шароитни, муаммоларни ўрганади. Одамларни яшаш учун курашга, интилиб, ўз ҳаётини яхшилаш кераклигига ишонтиради. “Ҳар бир оила — тадбиркор” дастури асосида иш юритишга кўплаб оилаларни жалб этиб, уларнинг иқтисодий аҳволини яхшилашга хизмат қиляпти.

Марказда Туман ФҲДЁ бўлими билан ҳам доимий алоқалар олиб борилади. Янги турмуш остонасида турган ёшлар билан яқиндан суҳбатлашиш, уларни керакли маслаҳатлар билан катта ҳаётга йўллаш М.Маъмуржоновага янада катта масъулият юклайди. 

Мастура опа, қўл остидагиларнинг меҳнатларини доим ўз ўрнида эътироф этиб, уларни муносиб рағбатлантиришни унутмайди. 

— Мен бир ўзи бундай катта ишларни қилолмаган бўлардим. Яхшиямки, ёнимда халқи, келажаги учун қайғурадиган жонкуяр, фидоий ватандошларим бор. Улар менга елкама-елка ишлашмоқда. Ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий ёрдамга муҳтож бўлган оиларни қўллаб-қувватлашда бир гуруҳ бўлиб ҳаракат қилишяпти. Мақсад эса битта. Юртимизда бахтиёр оилалар кўпайсин!