Медиация соҳасида тренерларни тайёрлаш бўйича халқаро ёзги мактаб

Глобаллашган, ахборотлашган жамиятда оилани жамиятнинг асосий бўғини сифатида муҳофаза қилиш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, мустаҳкамлаш - давлатнинг стратегик ривожланиши билан боғлиқ стратегик масала.

Кўплаб ижтимоий муаммоларга сабаб бўлувчи оилавий ажримларнинг кескин ошаётгани, маиший низоларнинг кузатилаётгани улкан муаммога айланди. Бундай салбий ҳолатларнинг олдини олиш учун оилалар билан ишлаш тизимига ҳаётий, самарадор механизмларни жорий қилиш муҳим эҳтиёждир.

Ана шундай таъсирчан усуллардан бири оила медиацияси ҳисобланади.

Оила медиацияси оилалар билан амалий, консультатив ишлашда муҳим компетенция ҳамда оилавий низо ва тушунмовчиликларни бартараф этишнинг  таъсирчан усули сифатида бутун дунёда тан олинган ва кенг қўлланади.

Жорий йилнинг 21 июль - 1 август кунлари Болгария давлатининг Бургас шаҳрида медиация асосларига бағишланган ёзги мактаб ўқувларида “Оила” марказининг 8 нафар раҳбар ва мутахассислари иштирок этди.

Машғулотларни медиация соҳасида тан олинган халқаро эксперт, София университети профессори Татьяна Дронзина олиб борди.

Тренинг давомида медиация асослари, медиаторнинг касб этикаси,  медиация жараёнини ташкил этишнинг муҳим тамойиллари, оила медиацияси, болалар медиацияси, фикрлар трансформацияси каби масалалар кўриб чикилди. Томонларнинг низоларини ҳал этишда зарур бўлган назарий билимлар ва амалий кўникмалар берилди. Медиацияни амалга оширишда психологик, ҳуқуқий, социологик билимларнинг ўрни таҳлил қилинди. Машғулотлар интерактив тарзда, кейс-методикасини қўллаган ҳолда олиб борилди.

Тренинг халқаро табиатга эга. Унда Қозоғистон,  Болгария вакиллари ҳам иштирок этди. Испаниялик эксперт билан онлайн маъруза, вебинар ташкил қилинди. Шунингдек, Бургас шаҳри мэрининг муовини, медиация соҳасидаги болгар тадқиқотчилари иштирокида давра суҳбати ташкил этилди.

Моҳира Холиқова, 
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги 
 “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази 
Махсус ўқув курслари раҳбари, PhD, доцент