БАЙРАМ ТУҲФАСИ УЧУН ҚАНДАЙ КИТОБ ОЛДИНГИЗ?

Бутун дунёда 2 апрель куни Халқаро болалар китоби куни сифатида кенг нишонланади. Ушбу сана эртакчи-ёзувчи Ганс Христиан Андерсеннинг таваллуд топган кунида нишонланиши белгиланган.

Кундалик ҳаётимизда турли-туман байрамлар кўп. Уларни катта тантана ва тараддудлар билан қарши олишга одатланганмиз. Халқаро болалар китоби кунига ўхшаш саналар эса аксарият одамларнинг ёдида қолмайди. Аммо бу кунни ҳам худди катта байрамдек нишонлашни одат қилиш ҳар бир оилага бир олам зиё бағишлайди.

Бугунги кунда ота-оналар, ҳатто педагоглар ҳам болаларни китобга ошно қилиш қийин масала эканлигини таъкидлашяпти. Сабаби ўша ҳаммага маълум бўлган омиллар: компьютер, интернет, телефон ва хоказо. Тўғри, бу воситаларнинг таъсири китобга қараганда кучли. Ранглар, ҳаракатлар, овоз болани бир лаҳзада ўзига асир этади. Аммо ўша воситани боланинг қўлига тутқазаётган ким? Албатта, катталарнинг ўзи. Оналар эртак айтишдан кўра, фарзандларининг жажжи қўлларига катта смартфонни тутқазадилар. Унда Сеҳрли қалпоқча дейсизми, Она эчки ва унинг болалари, Қизалоқ ва маймоқ, Бўғирсоқ каби барча эртак қаҳрамонларини лаҳзада жамулжам қилиш мумкин.

Аллани ҳам турли-туманини топиб, болага эшиттириб ухлатиш мумкин. Аммо биз ишимизга енгиллик келтирган бу қурилмадан миннатдор бўлганимиз чоғи фарзандимизнинг руҳиятига ҳам енгил-елпиликни олиб кирганимизни сезмай қоламиз. Энди шовқинга ўрганган болани эртак тинглашга кўндириб бўлармиди. Ёки биз ота-оналар ишларимиз тугагач дарров интернетни тафтиш қилишга тушишимиз тайин. Қани дунёда нима гаплар экан?! Бизнинг ҳам болаларимизга эртак ўқиб беришга кўникишимиз қийин.

— Мен фарзандимга ҳар маошимдан китоблар олиб бераман. Ҳикоя, роман, энциклопедия, қизиқарли китоблар, хуллас ёшига мослаб олиб келавераман. Аммо у ўқимайди. Китобларни фақат жовонга териб ясатиб қўяди, — дейди ўсмир ёшдаги боланинг онаси.

Бу кўпчилик ота-оналарни қийнайдиган масала. Аммо бунинг ҳам ечими бор, дея ўз фикрида қатъий турувчи педагог, Термиз шаҳридаги 13- мактабнинг она тили ва адабиёт ўқитувчиси Моҳира Чориева шундай дейди:

— Ҳозирги болаларнинг китоб ўқимаслигини табиий деб, қабул қилиб, бунинг устида нолиш, қуруқ қайғуришдан чекланиб, уларни китоб ўқишга ўргатиш борасидаги методларимизни ишга солайлик. Мактаб кутубхоначимиз Нодира Сулаймонқулова ҳар ҳафта давомида дарсдан сўнг мактабдаги ўқувчиларни синфлар кесимида навбатма-навбат кутубхонага олиб кириб, китоблар билан таништиради. Кутубхонага кириш жадвалини ҳам тузиб чиққан. Масалан, душанба куни 1-синфларни, сешанба куни 2-синфларни...шу тариқа ўқувчилар жадвалга қараб ўзларининг навбатлари келганини кўриб, дарслардан сўнг кутубхонага ошиқишади. Аммо ўша ошиқиб бориш иштиёқини ҳам болада уйғотиш учун Нодиранинг тажрибасини чуқур ўрганиш керак. У ҳар бир китобни эринмай болаларга тавсия қилади, шундай моҳирлик билан гапириб берадики, ўқувчи уни албатта ўқиб чиқишга шошиб қолади. Ўқиб бўлиб қайтарилаётган китоб ҳақида ўқувчининг таассуротларини билишга уринади. Шу орқали ўқувчи китобни тўлиқ ўқиб чиқдими, унинг ғоясига нечоғлик тушуна олди, дея алоҳида таҳлил қилади. Тушунилиши қийин асарлар устида эринмай баҳс-мунозара ўтказади. Мен Нодиранинг бу каби ишларини шунчаки касбий фаолият эмас, эзгу амал дегим келади. Унга эргашаётган ўнлаб ўқувчилар келажакда мактаб кутубхоначисини ҳеч қачон унутмаслиги, ундан бутун умр миннатдор бўлишларини англайман.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг  “Ёшларни маънавий-аҳлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисидаги” қарорига мувофиқ кўплаб халқ таълими тизимида фаолият юритаётган мутахассислар сингари мактаб кутубхоначиларининг маоши ҳам оширилди. Юртимизда ёшларни китобхонликка жалб этиш масаласи давлат сиёсати даражасига олиб чиқилган бир вақтда мактаб кутубхоначилари фаолиятига ҳам катта эътибор берилаётгани бежиз эмас. Зеро, улар эртанги кун эгалари ва китоб ўртасидаги воситачилик мақомига эгадирлар.

Мамлакатимизда яқин йиллар ичида китобхонликни ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга ошириляпти. Жумладан, “Ёш китобхон” кўрик-танловининг ўтказилиши ва унинг ғолиблари автомашина билан тақдирланаётганининг ўзи сўзимизнинг исботи бўла олади.

Шундай бўлса-да, бир ҳақиқатни англашимиз зарур. Китобга бўлган қизиқиш энг аввало, оилада шаклланади. Ота-она китоб ўқимаса, бола китоб ўқишнинг зарурлигини англаб етмайди. Китоб сотиб олиб берган ота-онанинг вазифаси ўша китобни фарзанди қўлига топшириш билан ниҳоясига етмайди. Бола уни ўқиш, ундан завқ олишни ҳали билмайдими, демак, ўша завқни унга кўрсата билиш ҳам ота ва онанинг зиммасида. Сиз унга китобни ўқиб беринг. Ўғил-қизингиз хоҳ 7 ёшда, хоҳ 14 ёшда бўлсин, китоб ўқиш завқини англаб етмаган экан, сиз унга китоб ўқиб беришда давом этинг ва энг қизиқ жойида мутолаани тўхтатинг. Кўрамиз, бу қандай натижа берар экан...

Хўш, байрамга туҳфа учун қандай китоблар олдингиз? Халқаро болалар китоби куни муборак бўлсин!

Зилола МАДАТОВА