Навоийда ҳам инновацион мактаб ишга тушди

Жорий йилнинг 12-март куни Навоий вилоятида “Бўлғуси келин-куёвлар инновацион мактаби” очилди.

Маълумки, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази илк бор Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманида “Келин-куёвлар инновацион мактаби”ни ташкил этган эди. Бундан кўзланган мақсад мамлакатимизда ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, ёш келин-куёвларнинг ҳаётий тажрибаларини ошириш, оилавий муносабатларнинг маънавий-аҳлоқий асослари, оила иқтисодиёти ва бюджетини юритиш, репродуктив саломатлик бўйича билим ва кўникмалар беришдан иборат эди. Бу албатта, ёшларимиз томонидан яхши кутиб олинди. Ўтказилаётган ўқув жараёнлари давомида бу ёшлар учун керакли жараён эканини бўлғуси келин-куёвлар ҳам таъкидладилар. “Оила” маркази фикр-мулоҳазалардан кейин Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Қашқадарё, Самарқанд, Тошкент, Жиззах, Наманган вилоятларида, Тошкент вилоятининг барча туманларида “Келин-куёвлар инновацион мактаби”ни очди. Куни кеча эса Навоий шаҳрида яна бир мактаб ёшларни бағрига чорлади.

Инновацион мактабда ФҲДЁ бўлимларига никоҳ тузиш мақсадида ариза топширган жуфтликлар, турмуш қуришни режалаштираётган йигит-қизлар, касб-ҳунар коллежлари ва умумтаълим мактабларининг битирувчи синф ўқувчилари бепул ўқишлари мумкин.

Келин-куёвлар инновацион мактаб”ининг ўқув-дастури турли замонавий усулларда олиб борилди. Инновацион мактабда мавжуд анъанавий мактаблардан фарқли равишда нафақат жуфтликларнинг ўзини ўқитиш, балки якка ҳолда мутахассисларнинг маслаҳатлари бўйича хизматлар, муайян мавзулар бўйича гуруҳларда тренинглар ўтиш (масалан, бўлажак келинлар учун: аёллик психологияси, гўзаллик психологияси, севикли бўлиш санъати, ўғил болалар учун андролог ва уролог маслаҳатлари ва ҳоказо) йўлга қўйилади. Мактабнинг илк қалдирғочлари Навоий шаҳри ФҲДЁ га ариза топширган 15 жуфт ёшлар бўлди.

Инновацион мактабнинг очилиш маросимида “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази директори, Олий Мажлис Сенати аъзоси Дилором Тошмуҳамедова иштирок этди ҳамда бўлғуси келин-куёвларга ўзининг тавсияларини берди.