Қишлоқ хўжалиги сиёсати гендер тенглигига асосланган бўлиши керак

Мамлакатимиз иқтисодида қишлоқ хўжалиги соҳаси муҳим ўрин тутади. Ушбу тизимни ривожлантириш ҳамда оилавий фаровонликни таъминлашда аёлларнинг иштироки ва ҳиссаси ҳам эътирофга арзигулик. Аммо аёллар бажарадиган ишларнинг аксарияти оилавий мажбуриятларнинг бир қисми саналганлиги сабаб, қишлоқ аёллари камдан-кам ҳолларда ўзларини фермер деб ҳисоблайдилар. Бундан ташқари, қишлоқ жойлардаги уй-жой ва инфратузилмалар даражаси, транспорт, энергия манбалари ва сифатли ижтимоий хизматларининг мавжудлиги елкасига тоғдек масъулиятни ортган аёлнинг турмуш тарзига чуқур таъсир кўрсатади.

БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти ФАОнинг янги ҳисоботига кўра, аёлларнинг қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида қўшган ҳиссаси муҳимдир ва унга кўра ушбу масалага алоҳида эътибор қаратилиши лозим.

Ушбу ҳисоботнинг тақдимоти 12 март куни Тошкент шаҳрида БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО), Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази томонидан ташкил этилган давра суҳбатида бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПФ-5325-сонли Фармонида белгилангандек, мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий ва социал фаоллигини ошириш, уларнинг турли соҳа ва тармоқларда ўз қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқариши учун шарт-шароит яратиш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига сўзсиз риоя қилинишини таъминлаш, оналик ва болаликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, шунингдек, оила институтини мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, ушбу соҳадаги ишларнинг ҳолати хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, улар билан мақсадли ишларни ташкил этиш, оилаларда маънавий-ахлоқий муҳитни мустаҳкамлаш ва соғломлаштиришнинг самарали механизмларини яратишга тўсқинлик қилаётган бир қатор тизимли муаммо ва камчиликлар мавжудлигидан далолат беради. Жумладан, ёрдамга муҳтож бўлган ва оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларни манзилли қўллаб-қувватлаш тизими мавжуд эмас, ишсиз ва ижтимоий фаол бўлмаган хотин-қизлар билан якка тартибда иш олиб бориш амалиёти йўлга қўйилмаган, хотин-қизлар ўртасида бандликка кўмаклашиш ва тадбиркорликни ривожлантириш бўйича фаолият самарасиз ташкил этилган.

Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш мақсадида, шунингдек, 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган вазифаларни инобатга олган ҳолда, хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, меҳнат шароитларини яхшилаш, хотин-қизларни, айниқса, қишлоқ жойлардаги ёш қизларни оилавий ва хусусий тадбиркорликка, ҳунармандчиликка кенг жалб этиш масалаларида ҳар томонлама манзилли қўллаб-қувватлаш устувор йўналишлардан ҳисобланади.

“Қишлоқ жойларда ишга жойлашиш ва даромад олиш имкониятлари, айниқса, кам таъминланган оилалар учун чекланганлиги сабабли  меҳнат миграцияси ўсишининг асосий омилларидан бири бўлиб қоляпти. Бундай ҳолат ўз навбатида эркакларнинг ўз оиласи, қўрғонини аёли маъсулиятига юклаб, ўзи чет элга ишлаш учун кетишига сабаб бўлмоқда, — деди “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази директор ўринбосари Дилдора Каримова. — Узоқ вақт давомида, эркак кишининг оиласидан йироқда бўлиши, оилавий муҳитнинг салбий томонга ўзгариши ва ажримга олиб келиши мумкин. Бундай ҳолат ўз навбатида салбий ижтимоий натижага олиб келади, яъни жамиятда нотўлиқ оилалар, ёлғиз боқувчи бўлган аёллар ва кам таъминланган оилалар сони ортиши кузатилади. Шунинг учун, аёлларинг иқтисодий ва ижтимоий имкониятларини кенгайтириш борасида қишлоқ жойларда кам таъминланган ва ягона боқувчи бўлган аёллар, ёлғиз оналарнинг  ижтимоий ҳимоя қилиш механизми ва тизимини ишлаб чиқиш ва амалиётга кенг тадбиқ этиш давлатимиз сиёсатининг муҳим вазифаларидан бири. Қуйидаги ижтимоий ҳимоянинг фаол тизими сифатида аёл-қизларни касбга ўргатиш ва тадбиркорликка жалб қилиш муҳимдир”.

«Ўзбекистонда қишлоқ ҳўжалиги ва қишлоқ ҳудудларини ривожлантиришда гендер масалалари» деб номланган ФАОнинг ҳисоботида қишлоқ хўжалиги соҳасида меҳнатни гендер жиҳатидан тақсимланишининг қишлоқ ҳудудларида иқтисодий ва ижтимоий ривожлантириш, шунингдек, озиқ-овқат хавфсизлиги ва овқатланишни таъминлашда тутган ўрни тўғрисида сўз боради. Гендер тенглик сиёсатини такомиллаштириш ва халқаро мажбуриятларни бажаришда эришилган ютуқларга қарамасдан, соҳада баъзи жиддий муаммолар долзарблигича қолмоқда. Масалан, аёлларда ишлаб чиқариш ресурсларидан (ер, молия, янги технологиялар ва ҳоказо) фойдаланиш имкониятлари эркаклар билан солиштирганда чекланган. Кенг тарқалган стереотиплардан келиб чиққан ҳолда, аёллар ёрдамчи ёки иштирок этувчи оила аъзоси сифатида кўрилади ва уларни ҳақ тўланмайдиган, норасмий ишларга жалб этиш эҳтимоли ортади.

Қишлоқ хўжалиги ва боғлиқ соҳаларда аёллар эркакларга нисбатан кам ҳақ олиб, яхши ҳақ тўланадиган катта лавозимларга камдан-кам тарғиб қилинади. ФАОга кўра, ушбу ёндашув аёлларнинг иш жойида ва оилада ҳақиқий ролини инобатга олмайди – агар аёллар ўқиш ва маълумот олиш имкониятларидан кенг фойдалансалар, қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқариш самарадорлиги янада ошиб, аёллар ва уларнинг оилалари фаровонлиги ортишига сабаб бўладилар.

Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга катта эътибор берилмоқда. Жорий йилнинг 9 мартдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ№-4235-сонли “Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонида белгилангандек хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш, уларнинг тадбиркорлик ташаббусларини янада қўллаб-қувватлаш, меҳнат фаолиятини рағбатлантириш ва одил судловга эришиш даражасини ошириш мақсадида бир қатор чора-тадбирлар тизими ишлаб чиқилган.