Ёшларни мустаҳкам оилавий муносабатларга тайёрлаш

Ёшларни оилавий ҳаётга қандай тайёрлаш, оилавий қадриятларга салбий таъсир қиладиган омиллардан қандай ҳимоя қилиш керак деган қатор саволлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази томонидан ташкил этилган “Ёшларни мустаҳкам оилавий муносабатларга тайёрлаш – фаровон оила асосидир” мавзусидаги илмий-амалий конференция доирасида қизғин муҳокама қилинди.

Анжуман Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июндаги “Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш Концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорида белгиланган “Фаровон оила – жамият равнақининг асоси” концептуал ғояни ҳаётга татбиқ этишга қаратилган фундаментал, илмий ва инновацион тадқиқот натижаларига бағишланган.

Мазкур тадқиқот хулосалари бўйича “Оила” маркази томонидан “Ёшларни мустаҳкам оилавий муносабатларга тайёрлаш – фаровон оила асосидир” мавзуида илмий тўплам нашр этилди. Ўзбекистонда “Бўлғуси келин-куёвлар инновацион мактаб”лари фаолиятининг жорий этилганлигининг бир йиллигига бағишланган тўпламдан оила, маҳалла, жамоат ташкилотлари ходимлари, илмий изланувчилар ҳамда кенг илмий жамоатчилик вакиллари фойдаланишлари тавсия этилди.

“Оила” маркази директори, сенатор Д.Ташмухамедова ўз кириш сўзида олиб борилган фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотлар жараёнида мамлакатимиздаги мавжуд 8,3 миллиондан зиёд оиланинг 2 миллиондан ортиғи ёш оилалар эканига алоҳида эътибор қаратилганлигини таъкидлаб ўтди. “Ёшларни мустаҳкам оилавий муносабатларга тайёрлаш – фаровон оила асосидир” мавзуидаги илмий тўпламдан 58 та илмий тадқиқот материаллари ўрин олган. Уларда  замонавий оила моделига ўтиш масалалари, оилада салбий иллатлар профилактикаси, оила мустаҳкамлигини таъминлашда олий таълим муассасалари ролини оширишнинг инновацион усуллари, ёшларни оилага тайёрлашнинг психологик омиллари каби мавзулар таҳлил қилинган.

Илмий мақолаларнинг муаллифлари – педагогика, ҳуқуқшунослик, социология, психология, фалсафа ва иқтисод каби фан соҳаларининг етук олим ва тадқиқодчиларидир. Зеро, оила институтини илмий жаҳатдан ўрганиш масаласи фанлараро ёндашувни талаб этади. Сабаби, жамиятда мавжуд қайси бир муаммога назар ташламанг, қайси бир соҳани ўрганманг унинг замири оилага, унинг моддий ва маънавий-ахлоқий, маърифий ҳолатига бориб тақалаверади, – деди Д.Ташмуҳамедова.

Айтиб ўтиш жоизки, “Оила” маркази оила масалалари бўйича ягона давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотларни ўтказиш соҳасида республиканинг етакчи илмий-тадқиқот эксперт муассасаси ҳисобланади.

Ёшларни мустаҳкам оилавий муносабатларга тайёрлашга доир долзарб муаммоларни муҳокама қилиб, “Оила” маркази ўқув курслари раҳбари, доцент М.Халикова ўз маърузасида шахс ижтимоий компетенциясини шакллантириш ва уни ижтимоийлашуви оилада содир бўлишига урғу бериб ўтди. Айнан оилада инсон шахс сифатида шаклланади, бирламчи ҳаётий компетенциялар, дунёқараш ривожланади.

Ёшларни ижтимоий ҳаётга тайёрлашга доир илмий-педагогик аспектлар оилада бошланиши керак. Бу жараён кўп тармоқли ва ўз ичига турли соҳалардаги билимларни олади: педагогика – ижобий ота-она кўникмалари, педагогик муносабат, оиланинг педагогик функциялари; психология  – оиладаги муносабатлар психологияси, ижобий мулоқот, монобаҳс, полибаҳс, девиант хулқ ва уни превенцияси, медиация; ҳуқуқий асослар – оила аъзоларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда маънавий-ахлоқий билимлар – ҳамдардлик, бошқаларга бефарқмаслик, толерантлик, альтруизм.

Ушбу конференция иштирокчиси, психолог, “Оила” маркази эксперти Доно Каландарова ҳисоблашича, ахборот технологияларининг тезкор ривожланиши ва уни инсоният ҳаётининг турли соҳаларига кириб келишидунё ҳажамиятини ўзгартириб юборди. Глобаллашув жараёни аспектлари замонавий ҳаётнинг иқтисодий, сиёсий ва маданий шароитларини ўзгартирибгина қолмай, оила идентивлигини янгидан шакллантиради. Натижада ижтимоий тармоқларнинг замонавий оила моделини шакллантиришга таъсири ошади. Бунинг ҳам ижобий, ҳам салбий таъсири бор. Ижобий томони АКТ жамият ҳаётини осонлаштиришда кузатилса, салбий жиҳати ижтимоий тармоқлар орқали оилавий қадриятларнинг трансформациялашувида намоён бўлади. Шунинг учун юқорида айтиб ўтилган муаммоларни ечишда ахборотдан фойдаланиш маданиятини шакллантириш замоннинг энг долзарб вазифасидир.

Илмий-амалий анжуманда “Демографик хавфсизликни таъминлаш асосида оилани мустаҳкамлаш йўналишлари”, “Мустаҳкам оилани шакллантиришда таълимнинг ўрни ва роли”, “Ёшларни ижтимоий ҳаётга тайёрлашнинг илмий-педагогик аспектлари”, “Оилаларда маънавий муҳит ҳолати диагностикаси ва соғломлаштириш методикаси” каби мавзуларидаги тадқиқот натижалари муҳокама қилинади.    

Мазкур тадқиқотлар замонавий оила моделини шакллантириш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш бўйича ягона ёндашувни ишлаб чиқиш, оиланинг ривожланиш истиқболларини ҳуқуқий, психологик, демографик жиҳатдан ўрганишга йўналтирилган.

 

“Оила” маркази матбуот хизмати