Бухорода илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди

Мамлакат миқёсида оила мустаҳкамлигига алоҳида эътибор қаратиляпти. “Фаровон оила — жамият тараққиётининг асоси” концептуал ғояни ўзида мужассам этган оила институтини мустаҳкамлаш концепциясида ҳам янги оила моделини шаклантиршнинг алоҳида моҳиятини ҳисобга олган ҳолда, давлат сиёсатининг бир қатор устувор вазифалари белгилаб берилган.

“Оила” маркази бу вазифалардан келиб чиққан ҳолда ўзининг фаолиятини олиб бормоқда. Жорий йилнинг 28 ноябрь куни Бухоро вилояти “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази бошқармаси томонидан Бухоро шаҳрида бўлиб ўтган “Фаровон оила — жамият тараққиётининг асоси” мавзуидаги илмий-амалий анжуман ҳам айнан ушбу вазифаларни бажаришга доир масалалар муҳокамасига бағишланди. Конференцияда оила институтини мустаҳкамлашнинг ҳуқуқий асослари, замонавий оилани мустаҳкамлаш ва ривожлантириш масалалари бўйича инновацион тадқиқотлар, оила фаровонлиги даражасини кўтариш, оиланинг тарбиявий-таълим салоҳиятини мустаҳкамлаш, жамиятда анъанавий оилавий қадриятларни сақлаш, оилаларда маънавий-ахлоқий муҳитни яхшилаш масалалари ёритилиб, миллий-маънавий қадриятларимизда баркамол авлод тарбияси, соғлом турмуш тарзи – мустаҳкам оила асоси эканлиги хусусидаги таҳлилий мулоҳазалар билдирилди.

  • Илмий-амалий анжуманнинг асл моҳияти оила масалаларига бағишланди, — деди психология фанлари номзоди, психолог Нигора Шомуротова. — Айниқса, оилавий муаммоларни ўрганишда ҳудудларда фаолият олиб бораётган оилашунос олимларнинг ўрни катта. Чунки улар шу ҳудуддаги оилавий муаммоларни ичида яшайди, ўзида ҳис қилади ва бунинг асл сабабини энг кичик заррасигача таҳлил эта олади. Ўйлайманки, бу илмий-анжуман оила масалаларида илмий иш олиб бораётган олимлар ва тадқиқотчилар ишида самара беради.

Илмий-амалий конференцияда республикамизда фаолият олиб бораётган олимлар, мустақил тадқиқотчилар, “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази ходимлари иштирок этди.