АЁЛЛАРИМИЗ ЎЗ УСТИДА ИШЛАСИН!

"Оила" илмий-амалий тадқиқот марказининг Андижон вилояти бошқармаси Қўрғонтепа туман бўлими ва вилоят Хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорлигида аёлларнинг репродуктив саломатлигини ошириш ва улар ўртасида спортни ривожлантириш мақсадида "Спорт — соғлик ва гўзалликдир" мавзусида саломатлик куни ташкил этилди. Унда қатнашган аёллар югуриш, сакраш ва бошқа машғулотлар бўйича беллашишди. Тадбир барча иштирокчиларга кўтаринки кайфият бағишлади. Аёллар бундан кейин ҳам спорт машғулотлари билан мунтазам шуғулланиб, мана шундай беллашувларни ўтказишни режалаштириб олишди.

— Спорт билан шуғулланиш ҳар бир аёл учун фойдали. Биринчидан, бу соғлиқни яхшилайди, эрта қариш, вазн орттиришнинг олдини олади. Қолаверса, бу орқали аёллар янада фаоллиги ортаётганини, ўз имкониятлари нақадар кенг эканини ҳис қила бошлашади. Аксарият аёлларимиз гап-гаштакларга, бир уйга кириб олиб, фақат ҳуда-беҳуда суҳбатлар қуришга ўрганиб қолишган. Бу одатлардан ўзбек аёлларини тортиш, ҳатто уй бекаларни ҳам ўз устида ишлашга ўргатиш лозим, — дейди тадбир иштирокчиси Гули Искандарова.