21 МИЛЛИОН СЎМЛИК КИТОБ ТУМАН МАРКАЗИЙ КУТУБХОНАСИГА СОВҒА ҚИЛИНДИ

“Оила” марказининг Тошкент вилояти Зангиота тумани  ва ҳамкор ташкилотлар ташаббусида “Китоб ва китобхон — инсон маънавияти кўзгуси” мавзусида тарғибот тадбири ўтказилди. Маҳаллаларда ижтимоий, маънавий-маърифий муҳитни янада соғломлаштиришга қаратилган мазкур тадбирда  китоб марафони ҳам ташкил этилди. Марафонда 86 та маҳалла фуқаролар йиғини ходимлари ва ҳомийлар томонидан туман марказий кутубхонасига 21 миллион сўмлик китоблар совға қилинди.

Марафон “Комиллик китобхонликдан бошланади” мавзусидаги ижодий кечага уланиб кетди. Кечага таклиф этилган машҳур шоир ва қўшиқчилар барчага аъло кайфият улашиш билан бирга, оилаларда китобхонликни анъанага айлантириш борасидаги таклифларини беришди. Тадбирда иштирок этган болалар ва уларнинг ота-оналари катта завқ олдилар.

— Вилоятимиз туманида шундай бой кутубхонамиз бўлиши жуда ҳам яхши, аммо энди одамларни кутубхонага жалб этиш йўллари устида ҳам ишлашимиз керак, — дейди “Оила” маркази Тошкент вилояти бошқармаси мутахассиси Умида Мансурова. — Ҳар бир оилада китоб ўқилса, шу оиладаги болаларда ҳам мутоалаа завқи шаклланади. Ота-оналар ўғил-қизлари қўлидан етаклаб туманимиздаги кутубхонага келиб, фарзандларини аъзо қилдирсалар. Ёшига мос, ўқишли адабиётларни фарзандларига тавсия қилсалар, қандай соз бўларди. Шу йўл билан ёшларни кутубхонага, китобхонликка ўргатолган бўлардик.