КОРПОРАТИВ БОШҚАРУВ ТАМОЙИЛЛАРИ

Ҳозирда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги маҳалла тизими фаолиятини ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, соҳадаги кадрлар малакасини ошириш, айниқса, замонавий корпоратив бошқарув усулларини амалиётга татбиқ этиш масалаларига доир қатор чора-тадбирлар режалаштирмоқда. Бу йўналишда вазирлик ҳузуридаги “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти томонидан маҳалла ва оила институти соҳаси ходимларини бошқарув менежментига оид касбий билим ва компетенцияларини такомиллаштириш мақсадида махсус ўқув дастурлари тайёрланмоқда.

Кенг миқёсда интеграция ва глобаллашув, инсониятнинг маънавий-ахлоқий қадриятларини қайта кўриб чиқишга интилиши, барча соҳаларда янги технологияларни ўзлаштириш, инновацияларни жорий қилиш масалалари замонавий менежмент – бошқарув тизими олдига ҳам янги талабларни қўймоқда, – дейди вазирлик ҳузуридаги “Маҳалла ва оила” илмий тадқиқот институти ходими, фалсафа доктори Моҳира Холиқова.

Ҳар бир ташкилот бошқариладиган ижтимоий тузилма эканлиги эътиборга олинса, жумладан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини самарали ташкил қилиш, кадрлар салоҳиятини тўғри белгилашда қуйидаги тамойилларини тадбиқ этиш мақсадга мувофиқлиги англаш мумкин. Улар, жумладан қуйидагилардан иборат: стратегик режалаштириш; мақсад ва вазифаларни аниқ белгилаш; тизимли таҳлил; устувор йўналишларни тўғри танлаш; бошқарувга инновацияларни татбиқ этиш кабилар.

Масалан, режалаштириш – жамоа аъзоларининг саъй-ҳаракатларини умумий мақсадларга эришишга йўналтиришдир. Ишни режалаштириш  вазифаларни белгилаш, фаолиятни мувофиқлаштириш, самарадорликни аниқлаш, муаммоларни ўз вақтида ҳал этиш, имкониятларни сафарбар этиш, шунингдек, меҳнат ресурсларини тўғри тақсимлашга ёрдам беради.

Режада вазифаларнинг муддатлари, ижрочилари ва натижалари аниқ кўрсатилиши керак. Оптимал шароитда ҳар бир жамоа раҳбари ўзининг истиқбол режасига эга бўлиши лозим. Жамоанинг ҳар бир аъзоси ўзи ишлаётган ташкилот билан фахрланиши, қандай лавозимни эгаллашидан қатъий назар, масъул раҳбардек фикрлаши, ҳаракат қилиши лозим, – деб ҳисоблайди М.Холиқова.

 

Ўзбекистон Республикаси
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги
ҳузуридаги “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот
институти