ФУҚАРОЛАР САВОЛЛАРИГА ЖАВОБЛАР

Ҳозирда Ўзбекистон Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан оилалар ва маҳаллалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, хусусан, оила институтини мустаҳкамлаш, нотинч ва муаммоли оилаларга манзилли кўмаклашишни ташкил этиш борасида бир қатор чоралар амалга оширилиб келинмоқда.

Айниқса, карантин даврида фуқароларнинг ижтимоий тармоқ орқали келиб тушаётган савол ва мурожаатларларга Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги матбуот хизмати доимий ва тезкор равишда жавоб бериб бормоқда.

Жумладан, куни кеча вазирлик матбуот хизмати котиби Саодат Боймирзаева фуқароларни қизиқтирган бир қатор муаммоли саволларига жавоб берди.

 

Савол: Болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдам тўловлари миқдори ва муддатлари қандай?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 31 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг давлат бюджети тўғрисида”ги қонуни ижросини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, 2020 йил 1 февралдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ҳудудида 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа, 2 ёшгача бола парвариши нафақаси, кам таъминланган оилаларга бериладиган моддий ёрдам ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги муҳтож оилаларга бир марталик моддий ёрдамнинг қуйидаги миқдорлари белгиланган.

14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа:

бир болали оилаларга – 131 000 сўм;

икки болали оилаларга – 217 000 сўм;

уч ва ундан ортиқ болали оилаларга – 304 000 сўм;

2 ёшгача бола парвариши бўйича нафақа – 434 000 сўм;

кам таъминланган оилаларга бериладиган моддий ёрдам – 326 000 сўмдан 653 000 сўмгача;

Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги муҳтож оилаларга бир марталик моддий ёрдам – 434 000 сўмдан 1 085 000 сўмгача этиб белгиланган.

 

Савол: Маҳалладан нафақа пули олишни истаган оиланинг жами даромади миқдори ҳақидаги маълумотлар бўлмаса, уларнинг ўртача ойлик даромади қандай аниқланади?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 15 февралдаги 44-сон қарори билан тасдиқланган “Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги Низомга кўра, агар оиланинг меҳнатга лаёқатли ҳар бир аъзосининг ўртача ойлик даромадлари тўғрисида тақдим этилган маълумотларда даромад суммаси кўрсатилмаган бўлса ёки меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 87,9 фоизидан кам сумма кўрсатилган бўлса, у ҳолда оиланинг ўртача ойлик жами даромадини ҳисоблаш учун даромадни нормативдан паст кўрсатган ёки даромади мавжудлиги тўғрисидаги маълумотларни тақдим этмаган оила аъзоларининг ҳар бирига нафақа ёки моддий ёрдамга мурожаат қилинган ойда белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 87,9 фоизига тенг бўлган норматив даромад миқдори қабул қилинади. Бу ҳозирги вақтда 597 минг 131 сўмни ташкил этади.

Ушбу қоида:

бола уч ёшга тўлгунга қадар унинг парвариши билан банд бўлган оналарга ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларга;

таълим муассасаларида ўқиётганларга (меҳнат шартномасига мувофиқ ишларни амалга ошириш ҳолати бундан мустасно);

ишламайдиган пенсионерларга, пенсия тайинлаш учун зарур бўлган иш стажига эга бўлмаган қарияларга ва меҳнатга лаёқатсизлик юзасидан нафақа олувчи фуқароларга, болаликдан ногиронлиги мавжуд шахсларнинг оналарига, болаликдан ногиронлиги мавжуд шахсларга, ОИВ инфекциясига чалинган шахсларга, шунингдек, I ёки II гуруҳ ногиронлиги мавжуд шахсларга;

амалда шахсий ёрдамчи (деҳқон) хўжалигини юритиш билан банд бўлган оила аъзосига;

ўзганинг парваришига муҳтож бўлган оила аъзосини парвариш қилаётганларга;

оиланинг «Ҳар бир оила — тадбиркор» дастури доирасида оилавий тадбиркорликда банд бўлган, бироқ ушбу дастур бўйича микрокредит олинган санадан бошлаб кўпи билан 12 ой банд бўлган аъзоларига;

оила аъзоларига, агар ариза берувчининг яшаш манзилида 2 ой ва ундан ортиқ муддатда бошқа оила аъзолари билан биргаликда яшамаётган бўлса;

туман (шаҳар) аҳоли бандликка кўмаклашиш марказига иш қидирувчи сифатида расмий мурожаат қилган ёки ишсиз сифатида рўйхатга олинган фуқароларга нисбатан қўлланилмайди.

 

Савол: Мен 2 нафар вояга етмаган фарзандим учун маҳалладан 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга бериладиган нафақа пули олиб келаман. Яқинда учинчи фарзандим туғилди. Энди учинчи фарзандимга мазкур нафақа пулига қўшимча равишда 2 ёшгача болаларга бериладиган нафақа олсам бўладими?

Жавоб: Ўрнатилган тартибга кўра, бир оила фуқаролар йиғини томонидан бериладиган нафақа турларининг фақат бир турини олиш ҳуқуқига эга. Бундан вазиятда сиз 3 нафар фарзандингиз учун 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга бериладиган нафақа пулларини белгиланган вақтга қадар олишда давом этасиз.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 15 февралдаги 44-сон қарори асосида тасдиқланган “Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги Низомда ушбу масалага аниқ тўхталиб ўтилган. Яъни болали оилаларга нафақа тайинланган оилада вояга етмаган болалар сони ўзгарган, мисол сифатида, болалардан бири 14 ёшга тўлган ёки навбатдаги бола туғилган тақдирда, нафақа миқдори болаларнинг тегишли сонига эга бўлган оила учун белгиланган миқдорларга мувофиқлаштирилади.

Бу ҳолатга сизнинг саволингиз мисолида шарҳ бериб ўтадиган бўлсак, учинчи фарзандингиз туғилгунга қадар сиз икки нафар фарзандингиз учун 217 000 сўм олиб келгансиз.

Ўзбекистон Республикаси Президенти 2019 йил 31 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг давлат бюджети тўғрисида”ги қонуни ижросини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланганидек, эндиликда сиз учта ва ундан ортиқ болали оилаларга бериладиган 304 000 сўм нафақа пули олишингиз мумкин.

Бунда янги миқдор бўйича нафақа тўлаш оилада вояга етмаган болалар сони ўзгарган ойдан кейинги ойдан бошланади. Бу ҳолда нафақа миқдорини қайта кўриб чиқиш бўйича фуқаролар йиғинига қайта мурожаат қилишингиз ёки Комиссия томонидан қайта қарор қабул қилиниши талаб этилмайди.

 

Савол: Тазйиқ ва зўравонликка учраган хотин-қизларга ҳимоя ордерининг берилиш тартиби қандай? Ҳозирга қадар нечта хотин-қизларга шу каби ҳуқуқий ёрдам кўрсатилган?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 4 январдаги хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 3 сонли қарорига кўра, келтириб ўтилган қуйидаги ҳолатлар ҳимоя ордерини бериш учун асос ҳисобланади:

тазйиқ ва зўравонлик қурбонининг мурожаати;

жисмоний ёки юридик шахсларнинг хабарлари, шу жумладан, оммавий ахборот воситалари ёки ижтимоий тармоқлар орқали тарқалган хабарлар;

тазйиқ ёки зўравонлик содир этиш ёхуд уларни содир этишга уриниш ҳолатларининг ваколатли органлар ва ташкилотлар ходимлари томонидан бевосита аниқланиши;

давлат органларидан ва бошқа ташкилотлардан олинган материаллар.

Жорий йилнинг ўтган 7 ойи давомида мамлакатимиз бўйича

3 592 нафар тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга ҳимоя ордерлари берилди. Жумладан:

  • Қорақолпоғистон Республикаси -119 нафар;
  • Андижон вилояти - 196 нафар;
  • Бухоро вилояти - 319 нафар;
  • Жиззах вилояти - 116 нафар;
  • Қашқадарё вилояти - 403 нафар;
  • Навоий вилояти -178 нафар;
  • Наманган вилояти - 160 Нафар;
  • Самарқанд вилояти - 201 нафар;
  • Сирдарё вилояти - 110 нафар;
  • Сурхондарё вилояти - 121 нафар;
  • Тошкент вилояти - 355 нафар;
  • Хоразм вилояти -193 нафар;
  • Фарғона вилояти - 313 нафар;
  • Тошкент шаҳар - 808 нафар.

Ўзбекистон Республикаси
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги
ҳузуридаги “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот
институти