ОИЛАВИЙ МУНОСАБАТЛАРДАГИ МУАММОЛАР: САБАБ ВА ЕЧИМЛАР

Оила жамиятнинг бир бўлаги. Оилавий муносабатларни тартибга солиниши жамият фаровонлиги ва тараққиётига катта таъсир этади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 18 февралдаги “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ташкил этилди.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан жорий йилнинг шу кунига қадар 15 минг 413 та ажрашиш ёқасига келиб қолган оилаларнинг 9 минг 980 таси яъни, 60 фоизи яраштирилди. Шунингдек, 11 минг 985 та никоҳи қонуний расмийлаштирилмаган оилалар аниқланиб, уларнинг 5 минг 960 таси ёки 57,8 фоизининг никоҳи қонуний расмийлаштирилди.

2020 йилнинг 6 август куни Ўзбекистон ҳалқаро ислом академиясида “Мусулмон жамиятларида оилавий муносабатлардаги муаммолар: сабаб ва ечимлар” мавзусида “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти вакиллари, халқаро мутахассислар ва юртимиздаги исломшунос олимлар, имом-хатиблар, диний билим юрти мудирлари ва талабалар иштирокида видео семинар ўтказилди.

Видео-семинар давомида оилавий муносабатларда юзага келаётган муаммоларнинг асосий сабаблари сифатида қуйдагиларни санаб ўтди:

ёшларнинг таълим-тарбияси, одоб-ахлоқи сустлиги;

ёшлар оила олдидаги бурчи ва масъулиятини ҳис этмаслиги;

эр-хотиннинг ажрашиши сабабли ўз фарзандлари тақдирини ўйламаслиги ва бунга масъулиятсизлик билан қараши;

оиланинг моддий ҳолати, етишмовчилик, эрнинг имкониятидан ортиғининг талаб қилиниши;

эр ёки хотиннинг оилавий муносабатлардаги хиёнати, аёлга нисбатан зўравонлик;

интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали оила қадриятларига ёт бўлган омиллар таъсири;

эр-хотиннинг оилавий муносабатларида бир-бирини тушунмаслиги, оилада доимий низо ва жанжал каби омиллар.

Мазкур муаммоларнинг ечими сифатида семинарда қуйдаги тавсиялар санаб ўтилди:

ёшлар оила қуришидан аввал бўлажак эр ёки хотиннинг мол-давлати, шон-шуҳратига эмас, тарбияси ва ахлоқи, маънавий гўзаллигига эътибор қаратишлари лозимлиги;

ёшларнинг оилавий муносабатларида ўзаро келишмовчилик келиб чиққан ҳолатларда, ажралиш учун шошмасдан, ўртани ислоҳ қилиш ва яраштириш учун ҳар икки тарафдан вакилларни чақиришлари;

оилада иқтисодий танглик ҳолатида эрдан талоғини беришга шошмасдан, борига қаноатли ва сабрли бўлиш;

оила муқаддаслиги, фарзанд тарбияси, талоқнинг оқибатлари каби мавзуларда жума тезисларини ишлаб чиқиш ва мусулмон оммасига етказиш;

оилаларда вужудга келаётган ноҳақлик, зулм ва ажрашишларнинг олдини олиш мақсадида фиқҳий илмга эга бўлган 2-3 кишидан иборат етук мутахассислар ҳайъатини тузиш ва муаммоларга ўз вақтида ечимини топиб бериш каби фикрлар айтиб ўтилди.

Ўзбекистон Республикаси
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги
ҳузуридаги “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот
институти